Давлат мактаб ва боғчалари ерларининг сотилиши: қонунчиликдаги бшлиқлар
Мактаб ва боғчалар ерларини ДХШ асосида бериш ташаббуси муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу қарор ижтимоий тенгсизликни кучайтириши ва давлат таълим муассасаларининг келажакда кенгайиш имкониятини чеклаши мумкин.

Энди мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида боғчалар қурилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Журналист Муҳрим Аъзамxўжаев мактаб ва боғчаларнинг бўш турган ерларида ҳар қандай қурилишлар тақиқланса яхши эканини ёзди. Шунингдек, «Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров бу ташаббусни кескин танқид қилди. Унинг айтишича, бу жараённинг илдизлари 2017 йилларга бориб тақалади.
Ўша даврда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шиори остида кўплаб мактаб стадионлари ва бўш ер майдонлари сотилган. Ҳудудларда юзлаб, республика бўйича минглаб мактаб ерларининг хусусийлаштирилгани ҳақида маълумотлар берилган.
Прокуратурага текширув топширилганидан кейин бу жараён маълум муддат тўхтагандек бўлди. Бироқ 2022 йил ёзидан бошлаб давлат мактаби ёки боғчаси ҳудудида хусусий таълим муассасаси қуриш ташаббуслари яна пайдо бўлди. Бакировга кўра, мактаб ва боғчалар кенг ер майдони билан қурилганининг сабаби бор. Улар аҳоли ўсиши, болалар сони ортиши ҳисобга олиниб, келажакда қувватни ошириш имконияти билан лойиҳалаштирилган.
«Масалан, 420 ўринли мактаб ёнига қўшимча бино қуриб қувватни кенгайтириш мумкин. 120 ўринли боғча ҳудудида ҳам янги корпус қуриш имкони бор. Бу ерларни аукционга чиқариш ўрнига давлатнинг ўзи инвестиция киритиши керак», деди у.
Унинг таъкидлашича, йирик шаҳарларда, жумладан Тошкентда ҳам сотилмаган ер деярли қолмаган. Энди навбат таълим муассасаларининг ҳудудларига келмоқда.
Қонунчилик ва партия позицияси: ваъда бажарилдими?
Айни пайтда Ўзбекистонда мактаб, боғча ва давлат шифохоналари ер майдонларини турли воситалар билан эгаллаб олишга қарши аниқ ва қатъий қонунчилик нормалари мавжуд эмаслиги таъкидланмоқда.
Хусусан, «Адолат» социал-демократик партияси сайловолди дастурида давлат таълим ва тиббиёт муассасалари ерларини хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича аниқ ваъда берган эди. Партия ўтган йилги сайлов кампанияси вақтида истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ҳамда уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни қонун билан тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш ташаббусини илгари сурган. Бу таклиф партиянинг 2024 йилги дастурига ҳам киритилган эди.
Vaqt.uz мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Адолат» социал-демократик партияси вакилидан изоҳ олди. Партия матбуот котиби Муродилла Маҳмудовга кўра, сайловолди дастурида кўтарилган ташаббус асосида «Ер участкаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва парламент муҳокамасига киритилган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат 2025 йил 7 январда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 20 февралда Сенат маъқуллаган ва 5 май куни ЎРҚ-1061-сон Қонун сифатида кучга кирган. Унга кўра, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжлари учун мўлжалланган давлат ерларини хусусийлаштириш ёки бошқа шаклда бегоналаштириш тақиқланган. Шунингдек, бундай ҳудудларда қурилиш қилиш, мавжуд бинолар майдонини кенгайтириш ёки ер ҳудудини қисқартириш чекланган, қонун бузилганда жиноий жавобгарлик кучайтирилган.
Бироқ асосий савол ҳануз очиқ қолмоқда: ушбу нормалар мактаб ва давлат шифохоналари ерларига тўлиқ ва аниқ татбиқ этиладими?
«Сайловолди дастуримизда ижтимоий объектларни ҳимоя қилиш масаласи кўтарилган. Мактаб ва касалхоналар ҳам амалда ижтимоий объектлар сирасига киради. Янги чақириқда биринчи бўлиб шу масала юзасидан қонун лойиҳасини тақдим этдик. Уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган эди. Истироҳат боғлари ва паркларни сақлаб қолиш бўйича қонун қабул қилинишига эришилди. Таълим ва соғлиқни сақлаш объектлари бўйича эса лойиҳа тайёрлаш ишлари давом этмоқда», — деди партия вакили.
Шу билан бирга, қонун ишлаб чиқиш мураккаб жараён экани, ҳужжатни пухта ишлаб чиқиш учун вақт ва экспертлик хулосалари зарурлиги қайд этилди.
Аммо жараён давом этаётган бир пайтда ҳудудларда мактаб ва боғчалар ерларидан ДХШ асосида фойдаланиш ташаббуслари пайдо бўлаётгани қўшимча саволлар туғдирмоқда. Қонун лойиҳаси якунига етгунча бундай ерлар тақдири қандай ҳал этилади — бу эса ҳозирча аниқ жавобга эга эмас.
Хусусан, Vaqt.uz аввалроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида мактаб ичида мактаб қурилаётганидан норози аҳолининг фикрини ўрганган эди.
Ижтимоий табақаланиш хавфи
Иқтисодчи Отабек Бакиров айтганидек, агар бундай таклифлар кетма-кет тасдиқланса, жамиятда аллақачон кучайиб бораётган ижтимоий тенгсизлик янада илдиз отади. Бир ҳудудда кам таъминланган оилалар фарзандлари давлат боғчасига қатнашса, ёнида айнан шу ер майдонида қурилган хусусий боғчага молиявий имконияти юқори оилалар болалари боради.
Натижада, болалар боғчадан бошлаб ижтимоий ҳолатига қараб ажралади. Бир томонда бассейн ва замонавий шароитлар, бошқа томонда эса инфратузилмаси етарли бўлмаган давлат муассасаси пайдо бўлиши мумкин. Бу эса очиқ ижтимоий тафовутни шакллантиради.
Шу каби ёндашув давлат мактаблари ва шифохоналарига ҳам татбиқ этилса, давлат мактаби ерида хусусий мактаб, давлат шифохонаси ҳудудида хусусий клиника қад ростлаши жамиятда табақаланишни кучайтиради.
Муқобил йўл қандай?
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, давлат муассасаларининг бўш ер майдонлари хусусий лойиҳалар учун эмас, айнан ўша муассасанинг ўзини кенгайтириш учун хизмат қилиши керак.
«Давлат боғчасининг бўш майдони бўлса, у ерда фақат давлат боғчаси қурилиши керак. Давлат мактабининг қўшимча ер захираси бўлса, янги давлат биноси қурилиши мақсадга мувофиқ. Давлат шифохонаси ёнида ер бўлса, у ерда ҳам давлат тиббиёт муассасаси кенгайтирилиши лозим», — деди у.
Бакиров таълим давлатнинг биринчи ижтимоий неъмати бўлиши кераклигини таъкидлаб, айнан шу соҳаларда ер ва инфратузилмани хусусийлаштириш қатъий ҳуқуқий чекловлар билан тартибга солиниши зарурлигини қайд этди.
«Таълим давлатнинг биринчи ижтимоий неъмати бўлиши керак. Мактаб ва боғчалар ерларини хусусийлаштиришни қонун билан тақиқлаш лозим», — дейди иқтисодчи.
Хулоса шуки, давлат мактаб ва боғчалари ерларини давлат-хусусий шериклик асосида бериш масаласи оддий қурилиш ёки ижара масаласи эмас. Бу қарор жамиятда аллақачон кучайиб бораётган ижтимоий тенгсизликни янада чуқурлаштириши, шунингдек давлат мактаб ва боғчаларининг келажакда кенгайиш имкониятини чеклаб қўйиши мумкин.
Масалани тартибга солишнинг ягона тўғри йўли — уни аниқ ва пухта қонунчилик асосида ҳал қилиш. Айниқса, давлатнинг энг муҳим ижтимоий объектлари ҳисобланган мактаб ва боғчалар бўйича ҳеч қандай бўшлиқ қолдирмайдиган, турлича талқинга ўрин бермайдиган қатъий қонун ҳужжати қабул қилиниши зарур.
Teglar






