Давлат хизматчилари учун 11 разрядли иш ҳақи тизимини жорий этиш таклиф этилди
Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун ягона ва натижага асосланган иш ҳақи тизими жорий этилиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган моделини жорий этиш таклиф қилинди.
Тақдимотда қайд этилишича, ҳозирги тизимда давлат хизматчилари иш ҳақи таркибида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди. Иш ҳақи фондининг қарийб 70 фоизи эса ходимнинг меҳнат натижаларига боғланмаган устама, мукофот ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса бир хил лавозимда ишловчилар ўртасида катта маош тафовутини келтириб чиқарган.
Шунингдек, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, амалда 50 дан ортиқ норматив ҳужжат қўлланилаётгани таъкидланди.
KPI асосида баҳолаш
Таклифларга кўра, янги тизим 54 минг нафар давлат фуқаролик хизматчисини қамраб олади. Давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.
Халқаро тажриба асосида 11 разряд ва 6 поғонадан иборат ягона иш ҳақи сеткаси жорий этилиши, ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови қолдирилиши режалаштирилган.
Устамалар ходимнинг малакаси, функсионал вазифаларни бажариши, ижро интизоми, ташаббускорлиги ҳамда KPI самарадорлик кўрсаткичлари асосида ҳисобланади. Муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инноватсион ечимларни жорий этган ҳамда юқори натижага эришган ходимларга эса ҳисобот даври якуни бўйича бонуслар тўланиши кўзда тутилган.
Шаффофлик устувор
Янги тизимга мувофиқ, ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда штат бирликлари ҳамда иш ҳақини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади.
Президент меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир давлат хизматчиси қайси натижа учун устама ёки бонус олишини олдиндан билиши лозимлиги қайд этилди.
Бонуслар сунъий интеллект ва бошқа илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш, замонавий билим ва кўникмаларни ошириш каби аниқ мезонлар асосида белгиланиши таъкидланди.





