
«Домодедово» аэропорти қарзлари билан бирга «Шереметево» аэропортига сотилди
Москва авиаузелидаги энг йирик активлардан бири бўлган «Домодедово» аэропорти янги эгасига ўтди, бироқ унинг олдида катта қарз юки муаммоси турибди.

29 январ куни бўлиб ўтган савдолар натижасига кўра, «Домодедово» гуруҳи активларининг янги эгаси «Шереметево халқаро аэропорти»га қарашли «Перспектива» МЧЖ бўлди. Бу ҳақда музокара жараёнидан хабардор манбалар маълум қилди.
«Шереметево» бош директори Михаил Василенко харидни Москва авиаузелининг муҳим қисмина соғломлаштиришга қаратилган бизнес лойиҳа деб атади. Унинг айтишича, битим компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
Василенко «Домодедово»ни юқори рисклар, катта қарз юки ва молиявий муаммолари бўлган мураккаб объект сифатида тавсифлади. Янги эга учун энг асосий вазифа аэропортнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва қарз масаласини ҳал қилишдан иборат бўлади.
Савдо жараёни
Савдоларда икки асосий даъвогар иштирок этди: «Шереметево»га қарашли тузилма ва «Внуково» аэропортига тегишли компания. Илк уриниш 20 январда муваффақиятсиз якунланган.
Иккинчи босқич голланд аукциони шаклида ўтказилиб, нарх 132 миллиард рублдан 66,1 миллиард рублгача туширилган. Якуний битим айнан энг паст нархда расмийлаштирилди. Хусусийлаштириш натижалари расман 30 январ куни эълон қилиниши режалаштирилган.
Қарз
«Домодедово»нинг умумий қарзи 75 миллиард рублдан ортиқ экани маълум қилинган. Даромадлар пасайиши ва харажатлар юқорилиги қарз юкини янада оғирлаштирган.
«Жорий молиявий фаолият жамиятга қарз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ қоплаш имконини бермайди», - деб таъкидлаган «Шереметево» вакиллари.
«Домодедово» аэропорти 2025 йил июн ойида Россия Бош прокуратураси даъвоси асосида миллийлаштирилган эди. Идора «Домодедово» гуруҳи компанияларини «чет эл таъсири» остига ўтказишга қаратилган бир қатор битимларни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилган. Бош прокуратура даъволари аэропорт эгалари Дмитрий Каменщик ва Валерий Коганнинг чет эл фуқаролиги билан боғлиқ бўлган.
«The Bell» эслатишича, «Шереметево» акцияларининг тахминан 66 фоизи хусусий акциядорларга — тадбиркорлар Аркадий Ротенберг (уни Владимир Путиннинг яқин дўсти деб ҳисоблашади), Александр Пономаренко ва Александр Скоробогаткога тегишли. Қарийб 30,5 фоиз улуш давлатга «Росимущество» орқали тегишли. Қолган улушлар «Аэрофлот» ва «ВЭБ Капитал» ихтиёрида.





