
Донбассни на олиб бўлади, на воз кечиб: Украинадаги урушни ҳал қилувчи 4 сценарий
Музокаралар столи тайёр, аммо ундаги асосий мавзу — Донбасс ҳали ҳам икки ўт орасида. Абу-Дабидаги учрашувда хавфсизлик кафолатлари бўйича силжиш бўлган бўлса-да, ҳудудий масала «ўтиб бўлмас кўприк»ка айланган. Икки миллион инсоннинг ёстиғини қуритган бу низо қачон ва қандай тугайди?
© Фото: trtrussian.com Украинада тинчлик ўрнатиш музокаралари давом этмоқда, аммо у ҳали-ҳануз олдинга силжигани йўқ. Россия ва Украина АҚШ воситачилигида Абу-Дабида учрашиб, ўз позицияларини билдирди-ю, ҳар бир томон ўз фикрида қолган ҳолда тарқалишди. Давлат котиби Марко Рубио Сенатдаги эшитувларда айтишича, хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эришилган, аммо ҳудудий масала — бу ҳали «ўтилиши лозим бўлган кўприкдир». Ушбу кўприк эса — Донбасс.
Нима учун айнан шу ер низоларнинг асосий нуқтасига айланди? Гап фақат кўмир, титан ва нодир металларда эмас. Донецк вилоятининг Киев назоратида бўлган қисми — булар Славянск ва Краматорск бўлиб, улар ўн йил давомида мустаҳкамланган ҳақиқий қалъа-шаҳарлардир. Улардан ғарб томон эса то Днепр дарёсигача кенг текисликлар чўзилган. Украина учун бу марраларни бериш — мамлакат ичкарисига йўл очиш демакдир. Россия учун эса бу — Украина раҳбарияти хавотир олганидек, янада ичкарироқ ҳаракатланиш имконини берувчи стратегик таянч нуқтасига айланиши мумкин.
Ҳар икки томон бу ер учун ўта оғир бадал тўлади, шунинг учун ҳам ундан осонликча воз кечиб бўлмайди. «Гўшт қиймалагич»га қиёсланган Бахмут — бу қонли муҳорабаларнинг рамзларидан бири, холос. АҚШнинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, томонларнинг умумий йўқотишлари икки миллион кишига яқинлашиб қолган. Шунча қурбон берилгандан кейин ҳар қандай муросага келиш хиёнатдек қабул қилинмоқда.
Шундай бўлса-да, тарих бундай боши берк кўчалардан чиқиш йўлларини билади. Асосий масала — томонларда бунга нисбатан самимий хоҳиш, ўткир зеҳн ва сиёсий ирода топилармикан?
Биринчи вариант: Демилитаризация қилинган зона
Американинг 28 банддан иборат дастлабки режасида айнан шу таклиф илгари сурилган эди. Режанинг 21-банди ғарбий Донбасс ҳудудида «нейтрал демилитаризация қилинган буфер зона» ташкил этишни назарда тутарди. Унга кўра, Украина қўшинлари ушбу ҳудуддан чиқиб кетиши, Россия кучлари эса у ерга кирмаслиги керак эди. Натижада бу ер «ҳеч кимники» — ёки аниқроғи, умумий ҳудудга айланиши лозим эди.
Бироқ асосий муаммо тафсилотларда. Ушбу зонани ким бошқаради? Аҳоли хавфсизлигини ким таъминлайди? Россия у ерга армия ўрнига ўз Миллий гвардияси ва полициясини жойлаштиришни таклиф қилди. Киев учун эса бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат: Россия формасидаги полиция — барибир ўша босқинчи, фақат бошқа ном остида, холос.
Иккинчи вариант: Косово модели
Америкалик таҳлилчи Эдвард Жозеф 1999 йилда Косово мақоми масаласини «музлатиб қўйган» БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1244-сонли резолюциясини намуна сифатида олишни таклиф қилди. Ўшанда ҳудуд расман Сербиянинг бир қисми бўлиб қолган, аммо бошқарув БМТ ва халқаро кучлар қўлига ўтган эди. Суверенитет масаласи эса кейинга қолдирилган ва ҳамон ортга суриб келинмоқда.
Украина мисолида бу қуйидагича кўриниш олиши мумкин: ғарбий Донбассда халқаро тинчликпарвар кучлар Украина армиясининг ўрнини эгаллайди, Россия қўшинлари ўз чизиқларида қолади, ҳудуднинг кимга тегишли экани эса қачонлардир — ноаниқ келажакда ўтказиладиган референдумлар орқали ҳал этилади.
Бунга мантиқ оддий: агар ер кимники эканини ҳозир ҳал қилиб бўлмаса, қарор қабул қилишни кейинга суриш керак. Аммо танқидчилар бир муҳим фарқни таъкидламоқда: Сербия НАТОга қарши урушда мағлуб бўлгани учун 1244-сонли резолюцияни қабул қилишга мажбур бўлган. Россия мағлубияти эса эълон қилинмаган ва ўз даъволаридан ихтиёрий равишда воз кечиш ниятида эмас.
Учинчи вариант: Эркин иқтисодий зона
Украина президенти Владимир Зеленский Вашингтон Донбасснинг бир қисмини демилитаризация қилинган эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилганини айтган эди. Бунда на Россия ва на Украина қўшинлари бўлади. Ҳар икки йўналишда эркин савдо йўлга қўйилади ва ҳудуд махсус мақомга эга бўлади.
Бу ғоя катта давлат таркибидаги ўз қоидаларига эга бўлган ҳудудлар — Гонконг ёки Макаони эслатади. Аммо бу қоидаларнинг кафолати ким бўлади? Қолаверса, бир неча йилдан кейин Россиянинг, худди Қримда бўлгани каби, ҳудуд аҳолиси «уйга қайтишни хоҳламоқда» деб эълон қилишига нима тўсқинлик қилади?
Тўртинчи вариант: Аралаш бошқарув
Баъзи экспертлар ҳарбий ва фуқаролик назоратини бир-биридан ажратишни таклиф қилмоқда. Бунда Россия истеҳкомлардан ўзига қарши фойдаланилмаслиги бўйича кафолатларга эга бўлади. Украина эса фуқаролик бошқарувидаги ўз ролини сақлаб қолади: мактаблар, шифохоналар, ҳужжатлар ва судлар унинг тасарруфида бўлади. Аҳоли эса икки томонлама фуқароликка эга бўлиши ёки икки давлатдан бирини танлаши мумкин.
Бундай гибрид ечимлар Жанубий Тирол, Аланд ороллари ва Шимолий Ирландияда ўз самарасини берган. Бироқ у ерларда тўрт йиллик уруш ва юз минглаб қурбонлар бўлмаган. Энг муҳими, у ерда томонлар, пировардида, тинчликни хоҳлашган эди. Москва ва Киев буни чин дилдан хоҳлайдими-йўқми — бу ҳозирча очиқ савол бўлиб қолмоқда.
Инсоний мезонлар
Чегаралар ва буфер зоналар борасидаги мунозаралар гирдобида гап, аввало, тирик инсонлар тақдири ҳақида бораётганини унутиш ҳеч гап эмас. Ғарбий Донбассда ҳали-ҳануз 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Хорижлик журналистлар талаффуз қилишга қийналадиган шаҳарлар номлари ўзбекчага «Тинчлик шаҳри» (Мирноград), «Жаннат қўрғони» (Райгородок), «Муқаддас тоғ» (Святогорск) каби маъноларни англатади. Уруш бошлангунга қадар бу ерларда конлар ва заводлар гуриллаб ишлаган, одамлар томорқа қилиб, қарағайзорлардан қўзиқорин теришган.
Бугун ушбу инсонлар учун икки хил келажак кўндаланг турибди: ё уларнинг розилигисиз ҳудудлари Россия назоратига ўтказилади, ё уларнинг бошпаналари навбатдаги қонли жанг майдонига айланади. Бу вариантларнинг ҳеч бирини адолатли деб бўлмайди.
Музокараларнинг навбатдаги босқичи 1 февралга белгиланган. Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳеч қандай ҳужжатни очиқчасига муҳокама қилмаслигини ва музокаралар ёпиқ тартибда ўтиши лозимлигини таъкидлади. Financial Times нашрининг маълумотларига кўра, Оқ уй томонидан белгиланган норасмий муддат — 15 майдир. Шундан сўнг АҚШ ушбу жараёндан чиқиши мумкин.





