Экран ортида ўтаётган умр: инсоният ижтимоий тармоқларга қанча вақт сарфлаяпти?
Дунёда 5,6 миллиарддан ортиқ инсон ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Ўртача фойдаланувчи эса ҳар йили умрининг 40 кундан ортиғиниини виртуал оламда ўтказмоқда.

Ҳар йили 30 июн куни бутун дунёда Ижтимоий тармоқлар куни нишонланади. Бу сана глобал мулоқотда мазкур платформаларнинг роли тобора ортиб бораётганини эътироф этиш мақсадида, 2010 йилда «Mashable» рақамли медиа нашри томонидан жорий қилинган.
Орадан 16 йил ўтиб, ижтимоий тармоқлар шунчаки мулоқот майдони бўлмай, балки ер юзи аҳолисининг учдан икки қисмидан кўпроғи учун кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди.
«DataReportal» платформасининг 2026 йилги глобал рақамли шарҳига кўра, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони 5,66 миллиардга етган. Бу дунё аҳолисининг 68 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.
Фойдаланувчилар сони йиллар давомида изчил ўсиб борган: 2005 йилда улар 500 миллиондан кам бўлган бўлса, 2015 йилда 2,27 миллиардга, 2025 йилга келиб эса 5,66 миллиардга етган. Бундай кескин ўсишга, биринчи навбатда, ҳамёнбоп смартфонларнинг оммалашиши ва интернет қамровининг кенгайиши туртки бўлган.
Ижтимоий тармоқларда қанча вақт йўқотяпмиз?
«DataReportal» таҳлилларига кўра, ўртача фаол фойдаланувчи ижтимоий тармоқларда ҳафтасига 18 соат-у 36 дақиқа ёки кунига тахминан 2 соат-у 39 дақиқа вақт ўтказади. Агар бу бир йилга кўпайтирилса, виртуал дунёда йилига 40 кундан ортиқ вақт сарфланиши маълум бўлади.
Қайси минтақаларда ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланилади?
Бутун дунё бўйича ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг ўртача кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этади. Хусусан, Европа ва Шимолий Америкада бу рақам жуда юқори.
Аҳолининг умумий сонига нисбатан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг энг юқори улуши 88,1 фоиз билан Шарқий Осиёга тўғри келади. Кейинги ўринларни қуйидаги минтақалар эгаллаган:
Шимолий Европа — 79 фоиз
Ғарбий Европа — 77,7 фоиз
Шимолий Америка — 74 фоиз
Бунинг тескариси ўлароқ, «DataReportal» маълумотларига кўра, энг паст кўрсаткич Марказий Африкада қайд этилган — атиги 12,1 фоиз. Шарқий Африкада аҳолининг 12,6 фоизи, Ғарбий Африкада эса 19 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.
Дунёда энг оммабоп ижтимоий платформалар қайсилар?
«Statista» ва «Kepios» ҳамкорликда тайёрлаган ҳисоботда дунёдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлар бир ойлик фаол фойдаланувчилар сони бўйича рейтингга жойлаштирилди. Октябр ҳолатига кўра, энг машҳур платформалар рўйхати қуйидагича кўриниш олган:
«Facebook» — бир ойлик фаол фойдаланувчилари сони 3,07 миллиардга етиб, барча платформалар орасида етакчилик қилмоқда. Ҳозирда «Reels» функцияси тармоқдаги видеоконтентларнинг асосий форматига айланган.
«Instagram» ва «WhatsApp» — улар мос равишда 2012 ва 2014 йилларда «Facebook» томонидан сотиб олинган бўлиб, уларнинг ҳар биридан ойига 3 миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчи фойдаланади.
«YouTube» — Google компаниясига тегишли бўлган ушбу платформа бир ойлик 2,58 миллиардлик аудитория билан кейинги ўринни эгаллаб турибди.
«TikTok» — халқаро бозорга 2017 йилда чиққан ушбу платформа, турли манбалардаги рақамлар бироз фарқ қилса-да, тахминан 1,99 миллиардлик аудиторияга эга.
Болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш талаби кучаймоқда
Бундай юқори кўрсаткичлар ортида жиддий хавотирлар ҳам бор. Европа Парламенти ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг энг кичик ёшини 16 ёш этиб белгилашни таклиф қилмоқда.
Шунингдек, ёшларда қарамлик уйғотувчи функцияларни (масалан, лентани тинимсиз варақлаш ва видеоларни автоматик равишда қўйиш) тақиқлаш ташаббуси илгари сурилмоқда. Ҳозирча Европа Иттифоқи миқёсида ягона қонун кучга кирмаган бўлса-да, айрим давлатлар мустақил равишда чекловлар жорий қила бошлади.
Бу жараёнга ўтган йилнинг декабр ойида 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни бутунлай тақиқлаб, дунёда биринчи бўлган Австралия катта туртки берди.
Бошқа давлатлар ҳам бу тажрибани оммалаштирмоқда:
Индонезия: Март ойида 16 ёшгача бўлган болаларга чеклов қўйиб, бундай чорани кўрган илк Осиё давлатига айланди.
Бразилия: Шу ойда кучга кирган «Болалар ва ўсмирлар рақамли низоми»га биноан, 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар ўз аккаунтларини қонуний васийларига боғлашлари шарт. Шунингдек, қарамлик келтириб чиқарувчи функциялар ҳам тақиқланган.
Туркия: Апрел ойида 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чекловчи қонунни қабул қилди.
Июн ойида Буюк Британия ҳукумати ҳам 16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш режасини эълон қилди. Мазкур чекловлар 2027 йил баҳорида кучга кириши кутилмоқда.





