add

Эронда оммавий норозиликлар: намойишчилар ҳарбий таянч пунктни ёқиб юборди

Kecha 21:172 daqiqa

Эронда бир неча кундан бери давом этаётган оммавий норозиликлар Янги йил арафасида кучайиб, намойишчилар «Басиж» ҳарбий таянч пунктини ёқиб юборди.

Эронда оммавий норозиликлар: намойишчилар ҳарбий таянч пунктни ёқиб юборди

Эронда бир неча кундан бери давом этаётган оммавий норозилик акциялари янги босқичга чиқди. Янги йил кечасида намойишчилар мамлакатнинг Чинор шаҳрида жойлашган «Басиж» ҳарбий таянч пунктини ёқиб юборди, деб хабар бермоқда Bild нашри.

«Басиж» ҳарбийлашган тузилмаси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибига киради ва ҳукумат томонидан норозиликларни бостириш учун қўлланилади.

Норозиликлар ўтган дам олиш кунлари Теҳрондаги йирик бозор савдогарлари томонидан бошланган. Улар юқори инфляция ва миллий валютанинг қадрсизланишига қарши чиқиб, дўконларини ёпди. Кейинчалик ушбу чақириққа мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги юзлаб тадбиркорлар ҳам қўшилди.

Орадан кўп ўтмай, иқтисодий талаблар кенгроқ сиёсий мазмун касб этди. Норозилик ҳаракати университетлар ва кўчаларга ёйилиб, миллионлаб одамларни қамраб олгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Намойишларда айрим иштирокчилар монархияни тиклаш ҳақидаги шиорларни ҳам илгари сурмоқда. Кўчаларда «Бу сўнгги жанг — Паҳлавий қайтади» каби чақириқлар янграмоқда.

Хавфсизлик кучлари қатор ҳудудларда намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ва оммавий қўлга олишлар амалга оширилган. Оммавий ахборот воситалари тасдиқлаган маълумотларга кўра, тўқнашувлар чоғида талабалар ва ёшлар полиция зўравонлигига дуч келган.

Норозиликларнинг кучайишида бозор савдогарларининг иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Улар 1979 йилги ислом инқилобида ҳукуматнинг асосий ижтимоий таянчи ҳисобланган. Энди эса уларнинг норозилиги ҳукумат учун жиддий иқтисодий ва ижтимоий хавф сифатида баҳоланмоқда.

Эроннинг сўнгги шоҳи ўғли Ризо Паҳлавий намойишларни қўллаб-қувватлаб, хавфсизлик кучларини аҳолига қарши чиқмасликка чақирди. У ҳозирги вазиятни мамлакат учун тарихий бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади.

Teglar

Mavzuga oid