Геосиёсат қурбони ёки стратегик муроса: АҚШ–Хитой рақобати оқибатида «TikTok» нималардан айрилди?
«TikTok» АҚШ бозорида қолди, аммо бу қарор компания учун янги чекловлар ва янги қоидаларни англатади. Келишув шартлари Хитойнинг технологик компаниялар глобал миқёсда қандай тўсиқларга дуч келаётганини кўрсатади.

Дунёдаги ҳар етти одамнинг бири «TikTok»дан фойдаланади. Аммо шундай улкан маданий феномен ортида турган компания учун сўнгги бир неча йил ҳақиқий синовлар даври бўлди.
Илова атрофидаги хавотирлар илк бор 2020 йилда пайдо бўлган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида «TikTok»ни АҚШдаги иловалар дўконларидан олиб ташлашга қаратилган фармойишни имзолаган. АҚШдаги қонун чиқарувчилар иловадан фойдаланувчи 200 миллион нафар америкаликнинг маълумотларига Хитой ҳукумати кириш имконига эга бўлиши ва, эҳтимол, уларнинг контент лентасини манипуляция қилиши мумкинлигидан хавотирда эди.
Бу хавотирларга жавоб сифатида «TikTok»ка эгалик қилувчи «ByteDance» компанияси «Project Texas» лойиҳасини ишга туширди. Унинг доирасида АҚШ фойдаланувчиларининг маълумотлари америкаликларга тегишли «Oracle» компанияси бошқарадиган маҳаллий серверларда сақланадиган бўлди. Шунингдек, компания қисман Хитой илдизларидан узоқлашиш мақсадида ўз қароргоҳини Сингапур ва Лос-Анжелесга кўчирди.
Ўша пайтда бу чоралар жиддий ён беришлар сифатида қабул қилинган эди. Шунга қарамай, 2024 йилда Конгресс «ByteDance» «TikTok»даги назорат пакетини ўтказмаса ва илованинг АҚШдаги фаолият тартибини ўзгартирмаса, платформани тўлиқ тақиқлаш билан таҳдид қилувчи қонунни қабул қилди.
Эндиликда бу келишув якунланди: «ByteDance» «Oracle»ни ҳам ўз ичига олган янги компаниялар консорциуми доирасида «TikTok»нинг АҚШдаги иловасини ўзининг глобал бизнесидан ажратиш тўғрисида келишувни имзолади. «TikTok» муҳим бозорлардан бирида ўз фаолиятини сақлаб қолди, аммо келишув шартлари «ByteDance» ва эҳтимол Хитойнинг бошқа технологик компаниялари глобал миқёсда кенгайишга интилганида қандай муросалар ва чекловларга дуч келиши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди.
Бу ҳолатга қандай етиб келинди?
АҚШ–Хитой рақобати Вашингтон ва Пекиннинг миллий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабабли бир-бирининг компанияларига нисбатан чекловлар жорий этишига олиб келди. Бироқ сўнгги савдо уруши давомида «TikTok» Хитой учун «осон қурбон»га айланди – у бошқа муҳим ён беришлар, масалан, Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича келишувлар эвазига таклиф қилиниши мумкин эди.
Келишув Хитойга натижани ғалаба сифатида кўрсатиш имконини беради: у технологияни ўз шартлари асосида экспорт қилмоқда ва шу билан бирга кенгроқ савдо музокараларида қўшимча таъсир кучини қўлга киритмоқда.
«ByteDance» Америкадаги 200 миллион фойдаланувчи ва 7,5 миллион бизнесга кириш имкониятини сақлаб қолади, аммо «TikTok»нинг алгоритми ва маълумотлари устидан назоратни йўқотади. Бунинг ўрнига компания алгоритмни янги АҚШ юридик шахсига лицензия асосида тақдим этади. Трамп маъмурияти бу келишувни 14 млрд долларга баҳолаган.
«TikTok»нинг кучи унинг контент графигида — минглаб фойдаланувчи сигналларидан ўрганиб, жуда мос ва ўта кўниктирадиган видеоларни тақдим этувчи алгоритмда. АҚШдаги қўшма корхона ушбу алгоритмни маҳаллий маълумотлар асосида қайта ўқитар экан, фойдаланувчи тажрибаси ўзгаради... Бир нарса аниқ: Америкадаги «TikTok» аввалгидек бўлмайди», – деди «Forrester» компаниясининг бош таҳлилчиси Келси Чикеринг.
Бу ўзгаришлар реклама берувчилар ва контент яратувчилар учун ҳам занжирли таъсирларга олиб келиши мумкин. Контент яратувчилар фаоллик пасайишини ҳис қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, айниқса глобал вируслилик заифлашади – илгари бир ҳудудда оммалашган контент АҚШда ҳам табиий равишда тарқалиши мумкин эди. Фақат АҚШга хос алгоритм бу имкониятни чеклаши, брендларни шартномаларни қайта кўриб чиқишга ва эҳтимол АҚШдаги аудитория учун кўпроқ тўлашга мажбур қилиши мумкин.
«TikTok»нинг 2024 йилдаги глобал даромади 20-26 млрд доллар атрофида баҳоланган бўлиб, шундан тахминан 10 миллиард доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Даромаднинг катта қисми рекламага тўғри келган. Ўзгаришлар «TikTok»нинг АҚШдаги молиявий натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, аммо «ByteDance» 19,9 фоиз улушни сақлаб қолгани сабабли фойданинг бир қисмидан баҳраманд бўлишда давом этади.
Алгоритмни қайта ўқитиш «ByteDance»нинг технология ривожланишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. «Forrester»нинг технология архитектураси ва етказиб бериш бўйича бош таҳлилчиси Чарли Дайнинг айтишича, АҚШ ва глобал алгоритмларни алоҳида юритиш, ишчи жамоаларни бўлиш ва параллел бошқарув тизимларини сақлаш муҳандислик харажатларини оширади, инновацияни секинлаштиради ва операцион мураккабликни кучайтиради.
Ҳиндистон тажрибаси
«ByteDance» илгари ҳам сиёсий ва тартибга солиш билан боғлиқ тўсиқларга дуч келган.
«2020 йилда Ҳиндистон бозорини йўқотиш – ўша пайтда TikTok’нинг энг йирик бозори бўлиб, 200 миллион фойдаланувчига эга эди – АҚШдаги эҳтимолий узилишлардан анча катта зарба бўлган», – дейди «TikTok Boom: The Inside Story of the World's Favourite App» китоби муаллифи Крис Стокел-Уокер.
Бироқ, унинг айтишича, ҳатто Ҳиндистондаги бу «орқага чекиниш» ҳам аслида унчалик катта йўқотиш бўлмаган.
«Ушбу қийинчиликларга қарамай, улар ўсишни давом эттириб келмоқда», – дейди у.
АҚШ ва Ҳиндистондаги муаммоларни боғлаб турувчи умумий жиҳат шундаки, ҳар иккаласи ҳам геосиёсий кескинликлар оқибатида юзага келган. Бироқ Ҳиндистондаги тақиқ фақат «TikTok»ка қаратилмаган эди – у кенг маънода Хитойга қарши йўналтирилган бўлиб, мамлакат бўйлаб тахминан 200 та иловалар блокланган. Бу тақиқ маҳаллий платформалар пайдо бўлишига йўл очган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири «TikTok»нинг муваффақиятига яқинлаша олмади.
Айримлар «TikTok» бўйича келишувни геосиёсат таъсирида глобал режалари ўзгарган яна бир хитойлик технологик етакчи – «Huawei» билан қиёслайди. Бироқ бу икки ҳолат ўртасида кескин фарқ бор: «Huawei» АҚШ санкциялари туфайли муҳим 5G инфратузилмасига кириш имкониятидан маҳрум бўлиб, амалда Ғарб бозорларидан четлатилди. «TikTok» эса, аксинча, «ByteDance» учун чекловчи шартлар асосида бўлса-да, фаолият юритишни давом эттиришга рухсат этилди.
Крис Стокел-Уокернинг таъкидлашича, бу ҳукуматларнинг хитойлик технология компанияларига нисбатан муносабати ўзгариб бораётганини кўрсатади. Айримлари бутунлай четлатилмоқда, бошқалари эса фақат қатъий сиёсий ва тартибга солиш доирасида фаолият юритиш шарти билан ишлашга рухсат оляпти.
Маҳаллий технологик етакчи
«TikTok» хорижда қайта шакллантирилаётган бир пайтда, у ўзининг хитойлик «синглиси» — «Douyin» иловаси устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолмоқда. «Douyin» Хитой ичида ўз-ўзидан жуда катта муваффақиятга эришган платформа ҳисобланади. «Douyin» «ByteDance» бизнесининг асосий таянч устунларидан бири ҳисобланади – у даромадли, сиёсий жиҳатдан мослашган ва алгоритмни ўзи тўлиқ кириш имкониятига эга бўлган маълумотлар асосида ўқитиши туфайли инновация киритиш имконига эга.
Шу билан бирга, «ByteDance» келажак учун ҳам хавфларни ҳисобга олмоқда: у маълумот марказлари, булутли технологиялар ва сунъий интеллектга сармоя киритмоқда. Бу эса компаниянинг рекламага таянадиган истеъмолчи иловаларидан ташқари йўналишларда ҳам диверсификация қилишга интилаётганини кўрсатади.
Крис Стокел-Уокернинг фикрича, «TikTok»нинг ҳозирги аҳволи энди аслида маълумотлар хавфсизлиги ҳақида эмас, балки АҚШда сўз, маданият ва таъсир кимнинг қўлида экани ҳақида бормоқда. Унинг айтишича, Трамп Хитой америкача маданиятни шакллантириши мумкинлигидан ҳеч қачон мамнун бўлмаган.
Ҳақиқат шундаки, «ByteDance» «TikTok»ни АҚШда фаолият юритишда давом эттиради, аммо аниқ чекловлар билан. Бу эса келажакда компания кенгайишни режалаштираётган бошқа бозорларга ҳам таъсир қилиши мумкин, чунки регуляторлар хитой технологиялари устидан кўпроқ назорат ўрнатишга интилади.
Айрим экспертлар эса келишувдаги лицензиялаш механизми Пекинга нисбатан ишонч пасайиб бораётган шароитда бошқа хитойлик технологик компаниялар қандай қилиб глобал миқёсда кенгайиши мумкинлиги учун намуна бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.



