
Гренландияга Европа давлатларининг биринчи ҳарбий бўлинмалари етиб келди — Bild
Вашингтонда Гренландия тақдири бўйича ўтказилган музокаралар натижасиз якунлангач, Европа мамлакатлари оролга ўз ҳарбийларини юборишни бошлади.

Европа мамлакатларидан биринчи ҳарбийлар Гренландияга етиб келди. Бу ҳақда Германиянинг Bild газетаси хабар берди.
«Вашингтонда Гренландия бўйича музокаралар натижасиз якунланганидан атиги етти соат ўтиб, тунда Гренландияга Европадан биринчи ҳарбийлар етиб келди», — дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, ҳозирда оролга Франциядан 15 нафар, Германиядан 13 нафар ва Буюк Британиядан бир нафар ҳарбий хизматчи юборилган. Шунингдек, яқин вақт ичида Нидерландия, Канада, Швеция ва Норвегиядан ҳам қўшимча кучлар келиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу операция Шимолий Атлантика алянси доирасида эмас, балки бевосита Копенгаген томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
Ушбу қадам АҚШ президенти Доналд Трампнинг Даниядан Гренландияни тарк этишни талаб қилган баёнотлари фонида амалга оширилмоқда. Трамп НАТОни Вашингтонга оролни қўлга киритишда ёрдам беришга чақириб, акс ҳолда ҳудуд Россия ёки Хитой назоратига ўтиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Оқ уй раҳбари иккинчи президентлик муддати бошидан буён Гренландиянинг АҚШ таркибига кириши зарурлигини таъкидлаб келади.
Америка маъмурияти оролни қўшиб олиш ниятида қатъий кўринади ва бу йўлда турли сиёсий воситаларни ишга солмоқда. Декабр ойида Трамп Луизиана губернатори Жефф Лендрини Гренландия бўйича махсус вакил этиб тайинлади ва у Вашингтоннинг аннексия режаларини тасдиқлади. Январ ойи бошида АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий операциясидан сўнг, орол тақдири бўйича мунозаралар янада кучайди. Ушбу воқеалар фонида Оқ уй маъмурияти раҳбари ўринбосари Стивен Миллернинг рафиқаси Х ижтимоий тармоғида оролнинг Америка байроғи рангидаги харитаси акс этган ва «Тез орада» деб ёзилган суратни жойлаштирди.
Бундай ҳаракатлар Гренландиянинг ўзида кескин қаршилик ва сиёсий норозиликларга сабаб бўлмоқда. Орол парламентидаги барча бешта сиёсий партия етакчилари АҚШнинг агрессив риторикасини қоралаб, Вашингтонга қўшилиш фикрига қатъиян қарши чиққан.





