Гувоҳномасидан айрилиши мумкин бўлган 671 ҳайдовчи, имтиҳондан озод этилган 13 минг абитуриент ва Тошкент метросининг янги поездлари — 13 июль дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

13 мингга яқин абитуриент тест синовларидан озод қилинди
Жорий йилда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, тўғридан-тўғри танлов босқичига ўтказилди. Уларга тест топшириш талаб этилмайди ва «Абитуриент рухсатномаси» ҳам шакллантирилмайди. Таққослаш учун, 2025 йилда бундай имкониятдан 678 нафар абитуриент фойдаланган.
Бу йил олий таълим муассасаларига жами 677 минг 907 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Тест синовларини ўтказиш учун 64 та йирик бино тайёрланган бўлиб, уларда бир кунда 70 минг 980 нафар абитуриент имтиҳон топширади.
Ўзбекистондаги аномал иссиқ сабаб боғчалар маълум муддат ёпилиши мумкин
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, 13–17 июль кунлари кузатиладиган аномал иссиқ туфайли айрим ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасалари вақтинча ёпилиши мумкин. Бу бўйича қарорлар ҳудудлардаги ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб, ҳокимликлар, Санэпидқўмита ва «Ўзгидромет» тавсиялари асосида қабул қилинади.
Бу барча боғчалар фаолияти тўхтатилади дегани эмас. Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +38...+41 даража, айрим ҳудудларда эса +42...+44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Қорақалпоғистоннинг қатор шаҳар ва туманларида ҳамда Хоразмда экстремал иссиқ сабаб боғчалар фаолияти бир неча кунга тўхтатилган.
Ўзбекистонда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси бор — Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 1,5 млрд тонна темир руда захираси мавжуд. «Сурун-ота» конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган бўлиб, темир концентрати 2027 йилдан бошлаб «Ўзметкомбинат»га етказиб берилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёси сотиб олиш бўйича меморандум имзоланган. Президент «Тебинбулоқ» конини 3–4 йил ичида ишга тушириш, хусусий корхоналарни хомашё билан таъминлаш учун алоҳида компания ташкил этиш ва унга 200 млн доллар ажратиш бўйича топшириқ берди.
Жарима баллари 12 балдан ошган ҳайдовчилар сони 671 нафарга етди
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун 12 баллдан ортиқ жарима тўплаган ҳайдовчилар сони 671 нафарга етди. Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ҳайдовчилар суд қарори билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан камида олти ойга маҳрум қилиниши мумкин.
Шунингдек, ҳисобот даврида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 399 мингдан ортиқ фуқарога маъмурий огоҳлантириш берган. Энг кўп қоидабузарликлар хавфсизлик камарини тақмаслик, рулда телефондан фойдаланиш, тезликни ошириш ҳамда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган.
Тошкент метросига яна 3 та янги поезд олиб келинди
Тошкент метрополитенига яна 3 та замонавий тўрт вагонли ҳаракат таркиби олиб келинди. Янги поездлар поездлар ҳаракати интервалини қисқартириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш ҳамда эски ҳаракат таркибларини босқичма-босқич алмаштириш имконини беради.
Метрополитен маълумотига кўра, 2026 йил охирига қадар яна 11 та замонавий ҳаракат таркибини олиб келиш режалаштирилган. Бу поездлар сонини ошириш, ҳаракат жадвалини барқарорлаштириш ва йўловчилар оқимига самарали хизмат кўрсатишга хизмат қилади.





