Ўзбекистонда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси бор — Шавкат Мирзиёев
«Сурун-ота» конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойликлар билан келишувга эришилган.
© Фото: Президент матбуот хизматиБугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13-июль куни Бекобод шаҳрида Ўзбекистон металлургия комбинатида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишиш вақтида маълум қилди.
Қайд этилишича, «Сурун-ота» конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган. Ушбу кондан темир концентрати 2027-йилдан бошлаб комбинатга етказиб берилиши шартлиги белгиланди. Бундан ташқари, «Тебинбулоқ» конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилди. Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.
Самарқанддаги корхона темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган. Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга «Темиркон»ни ўзлаштиришни сўраган. Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинмоқда. Президент Мирзиёев бундай йирик лойиҳаларда темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади.
Республикада металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Қурилиш материаллари бўйича йиғилишдан сўнг ҳокимлар металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни бошлагани айтилди. Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.
Иқтисодиёт янги технологик ривожланиш босқичига ўтаётгани сабабли барча тармоқларда янги турдаги металл маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Биргина чоксиз қувурга мамлакатда 280 миллион долларлик талаб бор. Асосий савдо ҳамкорлар ҳам йилига 1,5 миллиард долларлик шундай маҳсулот импорт қилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, чоксиз қувур ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 275 миллион доллар инвестиция талаб этилади. Бу орқали йилига 450 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 170 миллион долларлик қисмини экспортга йўналтириш мумкин. Бугун ишга туширилган Қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари соҳаларида 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент «Ўзметкомбинат»нинг янги қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга туширганди.





