
Ижтимоий хизматлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади
Президент қарори билан эҳтиёжманд аҳолига ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатишда электрон тизим жорий этилади.

Президентнинг «Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хизмат кўрсатиш тизими тубдан янгиланиб, барча тартиб-таомиллар тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади.
Қарорда белгиланишича, 2025 йилда тажриба тариқасида Андижон шаҳри ва Тошкент шаҳрида йўлга қўйилган Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти натижалари асос қилиб олинади. Ушбу тажриба негизида 2026–2027 йиллар давомида республика бўйлаб босқичма-босқич 20 та ҳудудий марказ ишга туширилиши режалаштирилган.
Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг асосий вазифалари сифатида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш, шунингдек, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни жамиятга мослаштириш белгиланди. Бу орқали болаларнинг ижтимоий интеграцияси таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Марказлар томонидан эҳтиёжманд аҳолига реабилитация ва абилитатсия хизматлари, физиотерапия, даволаш-жисмоний тарбия, шунингдек, қараб туриш ва парваришлаш хизматлари кўрсатилади. Бу хизматлар ижтимоий ҳимоя тизимини нафақат ёрдам бериш, балки инсонни қайта жамият ҳаётига қайтаришга қаратилган механизм сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ, ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ҳудудий марказлар хизматларидан Инсон марказлари томонидан берилган йўлланмалар асосида фойдаланади. Энг муҳим жиҳат — ҳудудий марказлар хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда келгуси йилдан давлат ижтимоий суғуртаси доирасида меҳнатга лаёқатсизлик ва туғиш нафақалари босқичма-босқич жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.





