Logo

Ипотека субсидиясига аризалар қайта қабул қилинмоқда. Кимлар олиши мумкин?

Bugun 14:554 daqiqa

Бугун соат 15:00 дан фойдаланилмай қолган хабарномалар ҳисобидан ипотека субсидиясига аризаларни қайта қабул қилиш бошланди. Хабарномалар сони чеклангани сабабли биринчи мурожаат қилганларга устунлик берилади. Субсидия миқдори, даромад чегараси ва асосий талаблар ҳақида батафсил:

Ипотека субсидиясига аризалар қайта қабул қилинмоқда. Кимлар олиши мумкин? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Бугун, 27 июль куни соат 15:00 дан бошлаб, ипотека субсидияси бўйича фойдаланилмаган хабарномалар юзасидан аризаларни қайта қабул қилиш бошланди. Vaqt.uz субсидияни қандай олиш ва бунда нималарга эътибор қаратиш кераклигини тушунтиради.

2026 йил давомида аҳолига 2,7 трлн сўмлик субсидия бериш режа қилинган. Бу аввалги йилларда берилган субсидияларга нисбатан кўпроқ.

Субсидия — бу давлат томонидан ажратиладиган, қайтарилмайдиган маблағ тури ҳисобланади. Ипотека кредити учун субсидиялар орқали уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки фоиз тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.

Субсидия олиш учун қуйидаги усуллар мавжуд:

— Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш;

— myGov мобил иловаси;

my.gov.uz порталида мазкур ҳавола орқали ариза топшириш мумкин.

Кимлар субсидия олиши мумкин? Асосий мезонлар

Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган бўлиши шарт. Бунда номзодлар қуйидаги кўринишда баҳоланади:

— Бутун мамлакатда ариза берувчи ёки унинг оиласига тегишли мулк ёки турар жой бўлмаслиги — 20 балл.

— «Labor-migration» дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти — 10 балл.

— Олис ёки чекка ҳудудларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи мутахассислар, тиббиёт ходимлари — 5 балл.

— Ёш оилалар, 30 ёшгача бўлган ёшлар — 5 балл.

— Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар — ажрашган, бева ёки ёлғиз оналар — 5 балл.

— «Тиббий ижтимоий экспертиза» тизимидан рўйхатдан ўтганлар — 5 балл.

Ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги масъул ташкилотларнинг электрон маълумотлар базалари асосида интеграциялашган тизим орқали subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими томонидан аниқланади ва ижтимоий мезонлар асосида баҳоланади.

Даромад чегараси

Субсидия учун аризага ижобий жавоб олишда даромад чегараси ҳам муҳим ҳисобланади. Бунда ариза берувчи ва унинг яқин қариндошларининг ўртача даромади қуйидаги чегарада бўлиши керак:

— Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда: МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан — 3,4 млн сўмдан — 8 бараваригача — 10,1 млн сўм.

— Тошкент шаҳрида: МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан — 3,4 млн сўмдан — 9,2 бараваригача — 11,6 млн сўм.

Бундан ташқари, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.

Субсидия қандай ҳисобланади?

Ипотека кредити учун субсидия бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш учун ҳар йилга қатъий белгиланган миқдорда ажратилади. Бу миқдор ҳозирда 30 млн сўм қилиб белгиланган ва 2026 йил учун оширилмаган.

Бундан ташқари, ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисми ҳам тўлаб берилади.

2025 йил ва ундан кейинги йиллар дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса Марказий банкнинг асосий ставкаси — 14 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, банкларнинг ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари мутаносиб равишда пасаяди. Асосий ставка оширилган тақдирда эса ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари ўзгаришсиз қолади.

Ипотека кредити қанча?

Ўзбекистонликларга субсидия асосида ипотека кредити Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 380 млн сўмгача, Тошкент шаҳрида эса 480 млн сўмгача берилади.

Бунда фоиз ставкаси банкларга қараб 16–18 фоиз атрофида бўлади. Бошланғич тўловни ҳам амалга ошириш талаб қилинади.

Субсидия олганлар даромад солиғи тўламайди

Уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ҳамда бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмаслиги белгиланган.

Бу имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан — 101,7 млн сўмдан — ошмаган қисмига татбиқ этилади.

OneID орқали рухсат бериш керак

Ариза топшириш ва баҳолаш даврида ариза берувчи OneID тизимидаги шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи банкларга кредит тарихини баҳолаш мақсадида тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун рухсат берган бўлиши лозим.

Шунингдек, кредит тарихини олишга вақтинчалик чеклов ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза берувчининг кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, бу унинг аризаси рад этилишига сабаб бўлади.

Ҳарбий тузилмалар ходимлари бевосита Давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда ариза топширишлари мумкин.

Ариза берувчининг кредит тарихи қуйидаги банкларнинг камида биттасининг ички қоидаларига мувофиқ бўлиши керак:

«Агробанк»

«Алоқабанк»

«Асакабанк»

«Asia Alliance Bank»

«Бизнесни ривожлантириш банки»

«Ҳамкорбанк»

«Ипак йўли»

«Ипотекабанк»

«Микрокредитбанк»

«Orient Finans»

«Трастбанк»

«Туронбанк»

«Халқ банки»

«Ўзмиллийбанк»

«Ўзсаноатқурилишбанк»

Қайси ҳолатларда субсидия берилмайди?

Қуйидаги ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади:

— аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;

— маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;

— илгари имтиёзли ипотека кредитлари асосида квартира ёки уй-жой ҳамда субсидия олганлар ариза берганида;

— жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидиялар сони тугаганда;

— ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади юқорида кўрсатилган миқдордан кўп ёки кам бўлганда.

Бошқа асослар билан рад этиш мумкин эмас. Ариза рад этилганидан сўнг яна қайта мурожаат қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, фойдаланилмаган хабарномалар сони чеклангани сабабли биринчи ариза берганларга устунлик берилади.

Teglar

Mavzuga oid