Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари бошланди

07.07.2025 | 10:203 daqiqa

7, 8 ва 9 июл кунлари ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Имтиҳонлар уч сменада ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари бошланди
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 7-8-9 июл кунлари ўтказиладиган кириш имтиҳонлари олдидан талабгорлар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим қоидалар ва тавсияларни эълон қилди. Талабгорлар имтиҳон бошланишидан бир ярим соат аввал туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ва расмий рухсатнома билан келишлари шарт. Ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган абитуриентлар имтиҳонга киритилмайди. Ота-оналардан фарзандларини имтиҳон ўтказиладиган манзилга ўз вақтида олиб келиш ва имтиҳон якунлангач, шахсан олиб кетишлари сўралмоқда. Бундан ташқари, ота-оналарга иссиқ об-ҳаво шароитида болаларини енгил ва қулай кийимларда тайёрлаш тавсия қилинган. Имтиҳонга келишдан олдин фарзандларининг тўйимли ва енгил овқат билан овқатланишига эътибор бериш муҳим. Ўта ёғли ва ҳазм қилиш қийин бўлган таомлардан сақланиш тавсия этилади, чунки бу болаларнинг имтиҳон пайтида ўзини ноқулай ҳис қилишига олиб келиши мумкин. Агентлик ота-оналар ва талабгорларга «ёрдам» таклиф қилаётган номаълум шахсларга ишонмасликни қатъий эслатди. Бундай ҳолатлар фирибгарлик сифатида баҳоланади ва бунга алданмаслик талаб этилди. Имтиҳонлар уч смена бўйича ташкил этилади: биринчи смена соат 8:00 да, иккинчи смена соат 12:00 да ва учинчи смена соат 17:00 да бўлиб ўтади. Қўшимча саволлар учун 1206 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid