
Жанубий Кореянинг собиқ президенти 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Сеул суди собиқ президентни ҳарбий ҳолатни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ишда айбдор деб топди.

2026 йил 16 январ куни Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Сеул марказий туман суди томонидан чиқарилган мазкур қарор унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар бўйича илк суд ҳукми сифатида эълон қилинди.
Суд материалларига кўра, Юн Сок Ёл 2024 йил декабр ойида мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали ваколатларини суиистеъмол қилган. Айблов хулосасида у тергов органларининг уни ҳибсга олишга қаратилган ҳаракатларига қасддан тўсқинлик қилгани қайд этилган.
Прокуратура маълумотларига асосан, собиқ президент Конституцияга путур етказиш мақсадида исён уюштириш учун бир гуруҳ мансабдор шахслар, жумладан, собиқ мудофаа вазири билан тил бириктирган. Терговчилар улар уруш ёки шунга тенг миллий фавқулодда ҳолат мавжуд бўлмаганига қарамай, ноқонуний равишда ҳарбий ҳолат эълон қилган, деган хулосага келган.
Суд қарорида ҳарбий ҳолатни жорий этиш давлат бошқаруви тизимига жиддий хавф солгани, фуқаролик эркинликларига таҳдид юзага келтиргани таъкидланди. Шу боис мазкур жиноятлар оғир ижтимоий хавфга эга, деб баҳоланди.
Бир неча кун аввал Жанубий Корея прокуратураси мазкур иш доирасида Юн Сок Ёл учун энг оғир жазо — ўлим жазосини талаб қилган эди. Суд эса ҳозирча биринчи инстанция доирасида беш йиллик қамоқ жазоси билан чекланди. Ҳукм устидан шикоят бериш эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Аввалроқ Жанубий Корея прокуратураси Юн Сук Йолни КХДРни қасддан қўзғатиб, ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали ҳокимиятни эгаллашга уринишда айблаётган эди.





