Марказий банк: аҳоли банкларга 15,2 млрд долларлик чет эл валютасини сотди
Ўзбекистон ички валюталар бозорида 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида ҳам талаб, ҳам таклиф ўсди. Аҳоли банкларга 15,2 млрд долларлик чет эл валютасини сотиб, 8,5 млрд доллар харид қилган.

Марказий банкнинг ички валюталар бозори бўйича ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойида мамлакатдаги умумий талаб 23,5 фоизга ўсиб, 42,7 млрд долларга етди. Таклиф эса 24 фоизга ошиб, 34,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ўсиш асосан экспорт тушумлари, халқаро пул ўтказмалари ва аҳоли сотувлари ҳисобига таъминланди.
Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 24 фоизга кўпайган бўлса, уларнинг таклифи 37 фоизга ошган. Корхоналарнинг экспорт тушумлари 13 млрд долларга етган, шундан 7,1 млрд доллар ички бозорда сотилган — бу ўтган йилга нисбатан 22 фоиз кўп. Шу билан бирга, банклар ташқи кредитлар ҳисобига 6,3 млрд долларлик валютани сотган, бу 2024 йилдагидан 1,6 баробар кўп.
Аҳоли 9 ой ичида тижорат банкларига 15,2 млрд долларлик валютани сотиб, 8,5 млрд доллар харид қилган. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 30 фоиз ва 23 фоиз ўсишни кўрсатади. Натижада аҳоли таклифи талабдан 6,7 млрд долларга ортиқ бўлди. Асосий манба халқаро пул ўтказмалари бўлиб, уларнинг ҳажми 13,9 млрд долларни ташкил этди (+24 фоиз йиллик ўсиш). Шу даврда мамлакатдан 1,9 млрд долларлик валюта чиқарилган — бу ўтган йилга нисбатан 127 млн долларга кам.
Чет эл валютаси сотиб олишнинг асосий қисми (51 фоизи) ускуна ва хом ашё импортига, 27 фоиз ташқи кредитларни қоплашга, 18 фоиз истеъмол товарлари ва дори воситаларига йўналтирилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, миллий валюта курсининг динамикаси ички бозордаги талаб ва таклиф, ташқи бозорлар ва макроиқтисодий омиллар таъсирида шаклланди. Хитой юани 2,5 фоизга, Россия рубли 27 фоизга мустаҳкамланди, Қозоғистон тенгеси эса 4,6 фоизга пасайди. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини сақлаб қолишга ёрдам берди.
Инфляция кутилмалари йил бошидаги 14–15 фоиздан 12 фоизга тушди. Долларлашув даражаси пасайди: чет эл валютасидаги кредитлар улуши 41 фоиздан 37 фоизга, депозитларники эса 26 фоиздан 23 фоизга камайди.





