add

Марказий Осиёга нисбатан таҳдид энди Россия давлат ТВсидан янгради

«Россия 1» давлат телеканалидаги чиқишда сиёсатшунос Сергей Михеев Марказий Осиё давлатларини тенг шерик сифатида қабул қилмаслик кераклигини очиқ айтди.

Марказий Осиёга нисбатан таҳдид энди Россия давлат ТВсидан янгради

27 январ куни «Россия 1» телеканали эфирида Марказий Осиё ва Кавказдаги суверен давлатларга нисбатан яна бир баҳсли баёнот янгради. Владимир Соловёв бошловчилигидаги «Вечер с Владимиром Соловёвим» дастурида иштирок этган сиёсатшунос Сергей Михеев минтақа давлатларининг ташқи сиёсат йўналишини танқид қилиб, улар билан муносабатларда тенг ҳуқуқли шериклик тамойилини амалда рад этди.

Михеевнинг айтишича, Россия йиллар давомида Марказий Осиё давлатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келган, бироқ бу ҳолат ушбу мамлакатларнинг «эркаланиб кетиши»га олиб келган. У постсовет маконида Москва юритиб келаётган сиёсатни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, мавжуд ёндашув самара бермаётганини билдирди.

«Россия барчага қарздор бўладиган вазият – Россия эса ҳеч кимга қарздор эмас – бу боши берк бўлган вазият. Ҳа, бу постсовет мамлакатларига доимо бизни турли лойиҳалар билан шантаж қилишга имкон беради…
Биз шусиз ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб беряпмиз. Бу меҳнат миграциясига ҳам, биз кўрсатаётган ёрдамга ҳам ва бошқа кўп нарсаларга ҳам тааллуқли. Аммо доим биз қарздордекмиз. Менимча, хафа бўлманглар, аммо бундай оҳанг ҳозир Украина билан содир бўлаётган воқеаларнинг сабабларидан бирига айланганди», – деган у.

Соловёв нимадан норози

Шундан сўнг бошловчи Владимир Соловёв гапга қўшилиб, бу фикрни қатъийроқ шаклда билдиргани, «асаби бузуқлар» эса элчини чақиртиришганидан нолиган.

«– Владимир, биласизми, улар нима учун бундай қизиққон?
– Чунки улар мен ҳақлигимни билишади (кулги).
– Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб ҳам бор – биз уларни эркалатиб юборганмиз. Биз уларни эркалатиб юбордик…
Улар ўз ўрнини билиши керак… Яна бир бор такрорлайман: биз шундоқ ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб берганмиз», – дейилади суҳбатда.

Соловёв чиқиши

Аввалроқ россиялик тележурналист Владимир Соловёв ҳам Марказий Осиё ва Арманистонни Россия миллий хавфсизлиги учун муҳим ҳудудлар сифатида таърифлаб, бу минтақаларда ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказиш кераклигини айтган. У халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқчасига иккинчи даражага суриш кераклигини таъкидлаган.

Соловёвнинг ушбу фикрларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова муносабат билдириб, журналистнинг баёнотларини унинг шахсий қарашлари сифатида баҳолаган.

Дугиннинг Ўзбекистон суверенитетига таҳдиди

«Рус дунёси» ғоясининг асосий мафкурачиси, файласуф Александр Дугин Марказий Осиё ва бошқа собиқ СССР ҳудудларининг суверенитетини инкор этиб, Россия уларни ўз назорати остига олиши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, акс ҳолда бу ҳудудлар Ғарб давлатлари учун геосиёсий таянч нуқтага айланади.

Ундан сўнг, Россиялик собиқ боксчи ва сиёсатшунос Николай Валуев ҳам Марказий осиё давлатларига таҳдид қилди. У Путинга яқинлиги билан танилган файласуф Александр Дугин ғояларини қўллаб-қувватлаб, Украинада амалга оширилаётган «махсус ҳарбий операция»лар собиқ совет республикаларида ҳам ўтказилиши кераклигини айтган.

Ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев Валуевнинг сўзларига жавобан уни жангга чақирди. Чагаев Валуевнинг чиқишини ҳақоратли деб баҳолаб, бу каби фикрлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳозирги ижобий муносабатларга путур етказишини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid