Марказий Европадан бугунги халқаро бозоргача – доллар ва унинг тарихи
Жаҳон иқтисодиёт ва валюта бозори ҳақида гап кетганда, деярли ҳамманинг хаёлига АҚШ доллари келади. Статистик маълумотларга кўра дунёдаги савдо айланмаларининг 80 фоизи долларда амалга оширилади. АҚШдан ташқари яна бир неча давлатларнинг расмий валютаси доллар деб аталади. Канада, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур ва Ҳонгконг.
Бу мамлакатларнинг аксарияти Британия молиявий анъанаси таъсирида шаклланган ёки халқаро савдода таниш ва ишончли номни танлаган. Бироқ уларнинг ҳеч бири АҚШ доллари даражасида глобал таъсирга эга эмас. Чунки масала номда эмас, балки иқтисодий қудрат, молиявий бозорлар чуқурлиги ва ишончда.
Доллар номининг қандай пайдо бўлгани, келиб чиқиш тарихи ва қандай қилиб ҳозиргача етакчи экани барчага қизиқ бўлса керак. Бугун шу ҳақида қисқача ҳикоя қиламиз.
Долларнинг келиб чиқиши
Доллар сўзини бевосита Қўшма штатлар билан боғлаймиз, лекин аслида унинг пайдо бўлиши ҳозирги Чехия ҳудудидаги «Йоахимстал» шаҳри билан боғлиқ эканини кўпчилик билмаслиги мумкин. Немисчадан «Йоахим водийси» деб таржима қилинувчи ушбу шаҳарда 1519 йилда кумуш тангалар зарб қилина бошлади. Ўз давридаги халқаро савдода муҳим рол ўйнаган бу тангалар дастлаб «йоахимсталер» деб аталган, кейин эса соддалаштирилиб «талер» дейилган. Биз ишлатадиган «доллар» сўзи ана шу узун номдан келиб чиққан.
Талер XVI асрда Марказий Европада кенг тарқалган, Рим Империяси, Германия ва Чехия атрофидаги давлатларда муомалада бўлган. Таркибида кумуш борлиги ва сифати туфайли узоқ вақт давомида ушбу мамлакатларда ишончли пул бирлиги сифатида ишлатилган. Вақт ўтиши билан талер Нидерландия ва Скандинавияда «далер»шаклида айтила бошлади, Англияда эса талаффуз ўзгариб «доллар» дейилган.
Доллар қандай қилиб АҚШ пулига айланди?
АҚШ мустақилликкача Испания мустамлакаси эди, савдода ҳам испан кумуш тангаси – песо муомалада бўлган. У вазни, таркиби, кўриниши ва қиймат жиҳатидан талерга жуда ўхшаш эди, шу сабабдан инглиз тилида «Спаниш доллар» деб аталган. Ана шу пул бирлиги АҚШ расмий валютасининг доллар деб номланишига га асос бўлди.
АҚШ конгресси 1785 йилда долларни расман миллий валюта деб эълон қилган, аммо амалда ҳамон испан тангалари муомалада эди. Илк доллар банкотлари ва тангалари 1792 йилги Coinage Act (Зарбхона ҳақидаги қонун)дан кейин чиқарилган. Зарбхона тўғрисидаги қонун пул билан боғлиқ амалий механизмларни яратди, тангалар ишлаб чиқариш ва доллар муомаласини тартибга солди.
Янги давлат ўзига янги номдаги пул бирлиги ишлаб чиқмай, одамлар аллақачон ўрганиб қолган, қулай «доллар» номини сақлаб қолди. Бу ўз навбатида, ўша давр машҳурларининг «Янги мамлакат, янги валюта учун эски ном танлади», – деган танқидларига ҳам сабаб бўлган. Бироқ одамларга таниш ном доллар муомаласининг оммалашувига ижобий таъсир қилди.
Миллий валютадан халқаро валютага
АҚШ долларининг халқаро бозордаги бугунги мавқейи иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр иқтисодиётига бориб тақалади. Уруш АҚШ ҳудудида бўлмагани учун у ерда саноат тўлиқ ишлаётган, молиявий тизим анча барқарор, энг кўп олтин захирасига эга давлат эди.
Европа ва Осиё эса урушдан катта талафот кўрган, мамлакатларни қайта тиклаш керак бўлган, лекин саноат ва банк тизимлари ишдан чиққан эди. АҚШ эса аксинча, ишлаб чиқаришни кенгайтириб, олтин захираларининг катта қисмини жамлади. 1944 йилда бўлиб ўтган Bretton Woods келишуви айнан шу ҳолатни институционал шаклга солди. Вазиятдан унумли фойдаланган АҚШ ўз валютасини халқаро бозорга моҳирлик билан олиб кирди.
Келишувга кўра, доллар олтинга боғланди (1 унцияси 35 доллар), бошқа валюталар эса долларга. Натижада доллар халқаро ҳисоб-китоблар марказига айланди. Марказий банклар захирани долларда сақлай бошлади, халқаро савдо шартномалари долларда тузилди.
«Маршалл режаси»
Урушдан кейинги Европа иқтисодиётини тиклаш, савдо ва божхона тўсиқларини олиб ташлашни мақсад қилган 13 млрд долларлик халқаро ёрдам дастури — «Маршалл режаси» деб аталди. Дастур орқали АҚШ Европага ёрдам берибгина қолмай, мамлакатларга долларнинг кириб боришини ҳам таъминлади.
Долларнинг бошқа валюталарга нисбатан барқарорлиги, олтин билан боғланганлиги сабабли кўп давлатлар захира сифатида доллар сақлай бошлади.
1971 йил олтин стандарти бекор қилиниши инфляция ва молиявий бозордаги беқарорликка сабаб бўлди.
АҚШ президенти Ричард Никсон долларнинг олтинга алмаштирилишини тўхтатганини эълон қилди. Шу билан Bretton Woods тизими амалда тугатилди.
Бу қарорнинг сабаблари оддий эди: АҚШда бюджет танқислиги, Виетнам уруши харажатлари ва ташқи савдо муаммолари туфайли доллар чиқаришни олтин захиралари билан таъминлай олмай қолган эди. Натижада, дунё фиат валюталар даврига қадам қўйди — пул қиймати энди олтин билан эмас, давлатга бўлган ишонч билан белгиланади.
Бу ўзгаришлар инфляция ўсиши, валюта курсларининг эркин сузиши, молиявий бозорларнинг тезкор ва беқарор бўлишига олиб келди. Шу билан бирга, доллар ўз мавқеини сақлаб қолди: нефт савдоси долларда қолди, халқаро қарзлар долларда ҳисобланди, глобал молия тизими ҳамон унга таянди.
Доллар — пул эмас, тизим
Доллар тарих давомида турли иқтисодий-сиёсий жараёнлар асосида дунё бозорига кириб келди, инқирозли вазиятларда ишончли пул бирлиги сифатида кўрилди. АҚШнинг глобал етакчилиги ва давлатларнинг ишончи туфайли доллар бугунгача энг етакчи халқаро валюта сифатида кўрилади.
Бугун доллар — бу қоғоз купюра ёки рақам эмас, балки бутун бошли тизим. У халқаро савдо, молия, геосиёсат ва ишонч занжирларини боғлаб турувчи марказий ўққа айланган. Унинг тарихи шуни кўрсатадики, пул номининг ўзи эмас, балки уни қўллаб-қувватлаётган иқтисодий, сиёсий ва институционал куч ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу боис, дунёда қанча «доллар» бўлмасин, глобал маънода ягона доллар бор — у ҳамон АҚШ долларидир.
Teglar






