
Мудофаа вазирлиги вертолёти тоғдаги «Ўзгидромет» ходимини эвакуация қилди
Угам–Чотқол тоғларида жойлашган юқори тоғ метеостанцияси ходими шошилинч ҳарбий вертолёт ёрдамида эвакуация қилинди.
Угам–Чотқол тоғ тизмасининг чекка ҳудудида жойлашган Ойгаинг юқори тоғ метеорология станцияси ходими шошилинч тарзда эвакуация қилинди. Қутқарув ишлари Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаво кучларининг қидирув-қутқарув экипажи томонидан амалга оширилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, 5 январ куни Ўзгидромет раҳбарияти станция ходимининг аҳволи оғир экани ва зудлик билан эвакуация зарурлиги ҳақида ҳарбийларга мурожаат қилган. Шундан сўнг навбатчи қидирув-қутқарув экипажи ҳаракатга келтирилган.
Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли «Super Puma» русумли вертолёт тунги вақтда, тунги кўриш асбобларидан фойдаланган ҳолда Ойгаинг метеостанциясига етиб борган. Экипаж мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, қутқарув операциясини муваффақиятли амалга оширган.
Ҳарбий ҳаво кучлари тақдим этган маълумотларга кўра, эвакуация вақтида станция жойлашган ҳудудда қор қалинлиги 80–90 сантиметрга етган, ҳаво ҳарорати эса 10 даража совуқни бўлган. Шу шароитда ходим вертолётга жойлаштирилиб, Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт муассасасига етказилган.
Шифохонада унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Оммавий ахборот воситаларига кўра, ҳозирда эвакуация қилинган ходимнинг аҳволи барқарор ва у малакали шифокорлар назорати остида қолмоқда. Шунингдек, агентлик томонидан унга барча зарур ёрдамлар кўрсатилаётгани таъкидланган.
Маълумот учун, Ойгаинг ихтисослашган қор кўчки метеостанцияси денгиз сатҳидан 2100 метр баландликда жойлашган. У ерда Ўзгидромет ходимлари йил давомида доимий яшаб ишлайди. Одатда станцияда уч нафар ходим — станция бошлиғи ва икки техник-метеоролог фаолият юритади. Қиш мавсумида бу ҳудудга фақат вертолёт билан бориш мумкин.





