Одамларнинг солиқдан қарзлари ошкор этилмоқда: Бу нечоғлик қонуний?

Kecha 17:553 daqiqa

Самарқанд вилоятидаги маҳалла Телеграм гуруҳларида фуқаролар солиқ қарзи ва ЖШШИР маълумотлари тарқатилаётгани жамоатчиликда баҳс уйғотди. Солиқ қўмитаси эса бу ҳолатни қонун билан изоҳлади.

Одамларнинг солиқдан қарзлари ошкор этилмоқда: Бу нечоғлик қонуний?

Сўнгги кунларда маҳаллаларнинг Телеграм гуруҳларида фуқароларнинг солиқ қарзи, ЖШШИР ва бошқа шахсий маълумотлари очиқча тарқатилаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳолат илк бор ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди ва қисқа вақт ичида долзарб мавзулардан бирига айланди.

Vaqt.uz мухбири Илёс Сафаров ўз постида бу ҳолатни танқид қилиб, давлат идоралари шахсий маълумотларга масъулиятсиз муносабатда бўлаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, солиқ қарзи ва ЖШШИР каби маълумотлар фуқаронинг шахсий маълумоти ҳисобланади ва уларни оммавий мессенжер гуруҳларига тарқатиш қонунчиликка зид.

Илёс Сафаров, шунингдек, 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари ўғрилангани ҳақидаги ишдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаганини эслатди. Унинг фикрича, агар давлат органларининг ўзи маълумотларни муҳофаза қилишга етарлича эътибор қаратмаса, киберхавфсизлик бўйича қабул қилинаётган чоралар самарасиз бўлиб қолади.

Пост эълон қилинганидан сўнг турли ҳудудларда яшовчи ўнлаб фуқаролар ўз маълумотлари ҳам маҳалла гуруҳларида эълон қилингани ҳақида фактли далиллар юборган. Уларнинг айтишича, ЖШШИР, кадастр ва солиқ маълумотлари гуруҳларда оммавий тарзда, кўпроқ халқ олдида изза қилиш мақсадида тарқатилган.

 

Солиқ қўмитаси: «Бу — солиқ сири эмас»

Давлат солиқ қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрлар Самарқанд вилояти солиқ органлари томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Қўмитанинг таъкидлашича, жисмоний шахслар томонидан тўланган мол-мулк ва ер солиқларининг 10 фоизи тегишли маҳаллаларда қолдирилади. Бу маблағлар инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш ишларига йўналтирилади. Шу сабабли маҳалла раисларининг ушбу масалаларга масъулият билан ёндашиши табиий ҳол сифатида изоҳланди.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 29-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчининг идентификация рақами, тўланган солиқлар ва солиқ қарзи ҳақидаги маълумотлар солиқ сирини ташкил этмаслиги қайд этилган мустаснолар рўйхатида йўқ. Қўмита фуқаролар билан ишлашда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши устувор вазифа эканини билдирди.

Расмий баёнотда солиқ органлари очиқлик, шаффофлик ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида иш олиб бориши таъкидланди.

 

Қонун ва ишонч мувозанати

Бу масалада энг муҳим савол шундаки: солиқ сирини ташкил этмаслиги уни оммавий тарзда тарқатиш мумкинлигини англатадими? Қонун нормалари билан шахсий ҳаёт дахлсизлиги ўртасидаги чегара қаерда?

Гарчи ДСҚ ошкор қилинаётган маълумотлар солиқ сири ҳисобланмаётганини таъкидлаётган бўлса ҳам, ички ишлар органларидан олинган паспорт маълумотлари; кўчмас мулк ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи маълумотлар, шунингдек унинг эгалари тўғрисидаги маълумотлар айнан Солиқ Кодексининг 29-модадсида солиқ сиридан мустасно маълумотлар қаторида келтирилмаган.

Конституция ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини кафолатлайди. Иқтиёсодёти фанлари доктори, профессор, солиқ масалалари бўйича мутахассис Исломбек Ниёзметов қарздорлигини омма олдида эълон қилиш изза қилиб босим ўтказиш усули эканини таъкидлади. Профессорнинг Vaqt.uzʻга маълум қилишича, бундай маълумотлар мессенжер гуруҳлари каби назоратсиз муҳитда тарқалганда, уларнинг кейинчалик қандай мақсадларда қўлланилиши устидан назорат бўлмайди.

Бундай ҳолатларда, яъни солиқ бўйича қарздорликларни ундиришда солиқ инспекторлари уйма-уй юриб қарздорларни маълумотлар билан шахсан таништириши ёки конвертга солинган хабарнома орқали уларга етказиши керак.

Жамоатчиликни хавотирга солаётган жиҳат — бундай амалиётнинг одатга айланиб бораётганидир. Бугун солиқ қарзи, эртага бошқа турдаги маълумотлар ҳам оммавийлашиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ижтимоий муҳитда муҳокама қилинмоқда.

Масала фақат бир ҳудуд ёки бир ҳолат билан чекланмайди. Турли ҳудудлардан келаётган мурожаатлар бу амалиёт кенгроқ кўламга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу боис, ҳуқуқий асослар, амалиёт ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни аниқ белгилаш долзарб вазифага айланмоқда.

Ишонч мажбурлаш ёки изза қилиш орқали эмас, қонунийлик ва ҳурмат асосида қурилади. Давлат идоралари учун энг катта синов ҳам шу: қонунни қўллаш билан бирга, фуқароларнинг қадр-қиммати ва шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш.

Teglar

Mavzuga oid