
Олтин ва кумуш нархлари кескин пасайди
Қимматбаҳо металллар бозорида сўнгги икки ҳафтада илк бор пасайиш қайд этилди, бунга доллар мустаҳкамланиши асосий омил бўлди.

30 январ куни жаҳон бозорларида олтин нархи тўрт фоиздан кўпроққа арзонлаб, бир унцияси 5 208,93 доллар атрофида баҳоланди. Бу қимматбаҳо металл учун сўнгги икки ҳафтадаги илк пасайиш бўлди. 29 январда олтин 5 500 доллардан ошиб, тарихий рекордни янгилаган эди.
Олтин нархининг тушиши, аввало, АҚШ доллари курсининг мустаҳкамланиши билан изоҳланмоқда. 30 январ куни доллар индекси 0,5 фоизга ўсди, бу эса қимматбаҳо металларга инвестиция киритишни нисбатан қимматлаштирди. Натижада, олтин қуймалари нархи бир кунда 4,8 фоизга пасайди.
Бозордаги кайфиятга АҚШдаги пул-кредит сиёсатига доир хабарлар ҳам таъсир кўрсатди. Доналд Трамп Федерал захира тизими раҳбарлигига Кевин Уоршни номзод сифатида кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар инвесторлар эътиборини тортди. У инфляцияга қарши қатъий позицияси билан танилган бўлса-да, сўнгги ойларда фоиз ставкаларини пасайтириш тарафдори сифатида чиқиш қилган.
Йил бошидан буён олтин нархи қанча ошди?
Йил бошидан бери олтин нархи 20 фоиздан ортиққа ошган эди. Бундай ўсиш АҚШ президентининг халқаро савдо ва сиёсий муносабатларга оид кескин баёнотлари, шунингдек, Федерал захира тизими мустақиллигига нисбатан танқидлари билан боғлиқ бўлган. Эронга зарба бериш таҳдидлари ва Кубага нефть етказиб берувчи давлатларга нисбатан бож жорий этиш режалари ҳам бозорлардаги ноаниқликни кучайтирди.
Савдолар якунига яқин, Сингапур вақти билан 12:05 ҳолатига кўра, олтин 3,1 фоизга арзонлаб, 5 208,93 доллардан савдо қилинди. Кумуш нархи 4,9 фоизга тушиб, 110,04 доллар бўлди. Шунингдек, платина ва палладий нархларида ҳам пасайиш кузатилди.





