
Ўқитувчиларга ваъда қилинган имтиёзлар: қарор нега ҳали ҳам йўқ?
2026 йил 1 январдан кучга кириши керак бўлган ўқитувчилар учун имтиёзлар ҳануз амалда эмас. Vaqt.uz’га маълум қилинишича, қарор тайёрланаётгани айтилмоқда, аммо аниқ муддат очиқланмаган.

2026 йил 1 январдан ўқитувчилар учун бир қатор имтиёзлар кучга кириши керак эди. Бу ҳақда Давлат раҳбари 2025 йил 15 сентябрь куни Ўқитувчилар куни арафасида маълум қилган.
Шунингдек, Президентнинг расмий табригида ҳам педагоглар учун мўлжалланган имтиёзлар рўйхати алоҳида қайд этилган эди. Бироқ орадан тўрт ойдан зиёд вақт ўтганига қарамай, ҳозиргача ушбу имтиёзларни белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинмади.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Vaqt.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг матбуот котиби билан боғланди. Унинг маълум қилишича, қарорни тайёрлаш жараёнлари ҳали давом этмоқда. Ҳужжат қачон тайёр бўлиши бўйича аниқ муддат ҳозирча белгиланмаган, аммо қарор тайёр бўлиши билан расман эълон қилиниши айтилди.
Қандай имтиёзлар берилиши ваъда қилинган эди?
Ўқитувчилар учун қуйидаги имтиёзлар эълон қилинган эди:
● камида 15 йил иш стажига эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши;
● давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши;
● ўқитувчиларнинг янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши;
● педагоглар учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилиши;
● фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий этилиши ва сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланиши;
● бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан тамомлаб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилиши;
● дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилиши;
● рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғчалар, 20 таликдаги техникумлар ҳамда ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипталари нархига 15–20 фоиз чегирма берилиши.
«Avval iqtisod…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу ҳолатни танқид қилиб, агар бундай имтиёзлар бошқа соҳалар учун эълон қилинганида, тегишли қарорлар аллақачон қабул қилинган бўлар эди, дея таъкидлади.
Хусусан, тиббиёт муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида бир марталик мукофотлар, фарзандлар учун йиллик контракт суммасининг бир қисмини қоплаб бериш, ипотека учун бадаллар каби қатор имтиёзлар эълон қилинган ва эртаси куниёқ бу ҳақда Lex.uz сайтида қарор жойланган эди.
Бакировнинг таъкидлашича, ўқитувчилар учун ваъда қилинган имтиёзларнинг кучга кириши давлат бюджети учун ҳам сезиларли қўшимча харажатларни талаб қилади. Бу эса амалдаги бюджетга тегишли ўзгартиришлар киритилишини англатади. Айни пайтда эса 2024 йил бюджети аллақачон қабул қилинган ва янги йил бошланганига ҳам бир ойдан ошган. Шу боис табиий савол туғилади: агар ушбу имтиёзлар жорий этиладиган бўлса, улар аниқ қачондан кучга киради?
Иқтисодчи давлат хизматлари нархи Ўзбекистонда жуда қиммат эканини мисол билан тушунтириб, ўқитувчи арзон автомобиль сотиб олган тақдирда ҳам уни расмийлаштириш учун 4 миллион 800 минг сўмгача тўлов қилишга мажбур бўлаётганини қайд этди. Агар эълон қилинган имтиёзлар амал қилганида, бу харажат қарийб икки баробарга камайган бўлар эди.
Унинг сўзларига кўра, ўқитувчилар бу имтиёзларни талаб қилишга тўла ҳақли. Чунки гап марҳамат ёки эҳсон ҳақида эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши керак бўлган ҳақ ҳақида бормоқда.
«Ўқитувчиларга ваъда қилинган имтиёзлар марҳамат эмас — бу йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши керак бўлган ҳақдир. Агар бундай имтиёзлар бошқа соҳа вакиллари учун эълон қилинганида, тегишли қарорлар аллақачон қабул қилинган бўлар эди», — деди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Идеал ҳолатда эса, агар ўқитувчининг меҳнати, обрўси ва қадри тўғри баҳоланганида, умуман имтиёз масаласи кун тартибига чиқмас эди. Илгарироқ айтилганидек, агар ўқитувчига ойига минг доллар маош тўланса, у имтиёзга муҳтож бўлмас эди ва ўз эҳтиёжларини мустақил ҳал қила олар эди. Аммо мамлакат ҳали бу даражага етмаган экан, демак, ўқитувчиларга имтиёз бериш мажбурий эҳтиёж бўлиб қолмоқда.
Бакиров таъкидлаганидек, ҳозирда ўқитувчиларга етарли даражада моддий рағбат бериб бўлмаяпти. Шунинг учун бу камчилик имтиёзлар орқали бўлса-да қопланиши керак. Давлат ўқитувчига ҳеч нарса совға қилаётгани йўқ, балки йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши лозим бўлган ҳақнинг ҳозирча фақат бир қисмини қоплаяпти.





