Ўзбек телефон рақамлари норасмий серверларда сотувга чиққани айтилмоқда

Bugun 21:072 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда +998 кодли, ўзбек номерлари халқаро ва норасмий платформаларда очиқ савдога қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу қанчалик хавфли?

Ўзбек телефон рақамлари норасмий серверларда сотувга чиққани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда ўзбек номерлари норасмий онлайн сервисларда сотилаётгани айтилмоқда. Мамлакат мобил операторларига тегишли +998 кодли рақамлар, ҳатто ҳали расмий сотувга чиқмаган сериялар ҳам хорижий виртуал ва назоратсиз платформаларда очиқ савдога қўйилган.

Мазкур тизим орқали дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, бир неча доллар эвазига Ўзбекистон рақамини ҳеч қандай ҳужжатсиз ижарага олиш ёки сотиб олиш мумкин. Ушбу виртуал рақамлар ёрдамида Telegram, WhatsApp, банк иловалари ва бошқа минглаб платформаларда рўйхатдан ўтиш учун SMS-кодларни қабул қилиш имкони мавжуд.

Энг хавфли жиҳати шундаки, бундай рақамларни олишда ҳеч қандай идентификация — на паспорт, на ID карта талаб этилади. Бу эса фирибгарлик схемалари учун кенг имконият яратади. Натижада рақам бор, фаолият бор, бироқ унинг ортида ким турганини аниқлаш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Арзон аккаунт бозори

Айрим платформалар рақамларни алоҳида сервислар учун сотиш тизимини йўлга қўйган. Хусусан, Facebook, Google/YouTube каби хизматларда рўйхатдан ўтиш учун мўлжалланган рақамларни жуда арзон нархларда харид қилиш мумкин. Бу эса сохта аккаунтлар сони кескин ошишига олиб келиши эҳтимолини кучайтиради.

Ўрганишлар давомида бир қатор йирик норасмий сервисларда Ўзбекистон алоқа операторларига тегишли префиксдаги рақамлар доимий таклифда экани аниқланган. Айрим хизматлар ҳатто 71 префиксли шаҳар рақамларини ҳам виртуал бизнес рақам сифатида сотмоқда.

Яна бир эътиборли ҳолат — айрим рақамлар бир вақтнинг ўзида ҳам реал тармоқда фаол, ҳам виртуал сервислар орқали сотувда мавжуд бўлиши мумкинлиги. Бу эса “рақам сизда, аммо аккаунт аллақачон очилган” каби хавфли вазиятларни юзага келтиради (бу ҳолат ваколатли ташкилотлар томонидан чуқур текширилиши зарур).

Бу жараён нафақат шахсий маълумотлар хавфсизлигига, балки миллий телекоммуникация инфратузилмасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки статистикада “фаол абонент” сифатида қайд этилган айрим рақамлар амалда реал фойдаланувчиларга тегишли эмас, балки виртуал ботлар томонидан ишлатилаётган бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Ким жавобгар?

Мазкур ҳолат биргина ташкилот ваколатига кирмайди ва бир нечта идоралар ўртасидаги мувофиқлаштириш масаласи сифатида кўрилмоқда. Асосий рол Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзкомназорат зиммасига тўғри келади, чунки айнан улар телекоммуникация ва рақамлар тақсимоти устидан назорат олиб боради.

Шу билан бирга, масала миллий хавфсизлик даражасига чиқадиган бўлса, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳам жараёнга жалб этилади. Фирибгарлик, аккаунт бузиш ёки молиявий жиноятлар юзасидан эса Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тергов олиб боради. Агар ҳолат банк иловалари билан боғлиқ бўлса, Марказий банк ҳам молиявий хавфсизлик нуқтаи назаридан назоратни амалга оширади.

Муаммо битта ташкилот эмас, балки тизимли координация етишмаслиги билан боғлиқ.

Ҳолат юзасидан барча масъул ташкилотлардан расмий изоҳ кутамиз.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 60 минг ўзбекистонликларнинг маълумотлари даркнетга сизиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Mavzuga oid