Ўзбекистон 10 ойда Францияга 774 млн долларлик товарлар экспорт қилди
Ўзбекистон экспорт ҳажмида асосий йўналишлар орасида Россия, Хитой ва Қозоғистон етакчилик қилмоқда.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 29 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,8 фоизга ошди.
Қайд этилишича, бу даврда Ўзбекистон маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинган мамлакатлар ичида Россия етакчи бўлди. Россия бозорига 3,6 миллиард долларлик товар етказилган.
Шунингдек, иккинчи ўриндаги Хитойга экспорт 1,6 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон ҳам Ўзбекистон учун йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда, унга 1,2 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шу билан бирга, Афғонистон ва Туркияга етказилган маҳсулот ҳажми мос равишда 1,2 миллиард ва 942,4 миллион долларни ташкил этди. Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари орасида Қирғизистон (491,5 млн доллар) ва Тожикистон (470,9 млн доллар) билан экспорт алоқалари барқарор эканини кузатиш мумкин.
Европа давлатлари орасидан Франция юқори ўринни эгаллади. Унга Ўзбекистондан 774,3 миллион долларлик товар экспорт қилинган. Яқин Шарқ давлатларидан БАА 610,8 миллион долларлик кўрсаткич билан рўйхатнинг юқори қисмида турибди. Покистонга етказилган маҳсулот ҳажми эса 319,7 миллион долларни ташкил этди.
Маълумот ўрнида, 2025 йил январ–октябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 млрд АҚШ долларига етди. Ўзбекистон жаҳоннинг 210 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда.





