Logo

Ўзбекистон тўрт ойда 24 тонна олтин сотиб олди

Bugun 22:222 daqiqa

Ўзбекистон Марказий банки 6 ойлик танаффусдан сўнг апрел ойида 1 тонна олтин сотганди.

Ўзбекистон тўрт ойда 24 тонна олтин сотиб олди © planet-today.com

2026 йил апрел ойида дунё Марказий банклари жами 17 тонна олтин харид қилди.

Жаҳон Олтин кенгаши маълумотларига кўра, Марказий банклар томонидан олтинга бўлган талаб юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ҳисоботда энг йирик харидор сифатида Полша Марказий банки қайд этилган. Мамлакат апрел ойида 14 тонна олтин сотиб олган бўлиб, йил бошидан буён жами харид ҳажми 45 тоннага етди.

Шу тариқа, Полша олтин захираларини 595 тоннагача оширди. Бу мамлакат умумий халқаро захираларининг қарийб 30 фоизини ташкил этмоқда.

Шунингдек, Хитой ҳам апрел ойида олтин харидини сезиларли даражада оширди. Мамлакат бир ойда 8 тонна олтин сотиб олди ва бу 2024 йил декабридан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.

Мутахассислар фикрича, Хитойнинг олтинга қизиқиши ташқи иқтисодий хавфлар ва валюта захираларини диверсификация қилиш сиёсати билан боғлиқ.

Ҳисоботда қайд этилишича, Хитой марказий банки кетма-кет 18 ойдан буён олтин харид қилиб келмоқда. Шунингдек, Чехия Миллий банки ҳам апрел ойида ўз захираларини яна 2 тонна олтин билан тўлдирган.

Ўзбекистон иккинчи ўринда

Ўзбекистон Марказий банки апрел ойида 1 тонна олтин сотган бўлса-да, йиллик ҳисобда йирик соф харидорлар қаторида қолмоқда. Йил бошидан буён мамлакат 24 тонна олтин харид қилиб, Полшадан кейинги иккинчи энг йирик олтин сотиб олувчи давлат бўлди.

Ҳозирда мамлакат олтин захиралари тахминан 414 тоннани ташкил этади. Мавжуд захиралар Ўзбекистон умумий халқаро резервларининг қарийб 88 фоизига тенг.

Жаҳон Олтин кенгаши маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда Шарқий Европа ва Осиё марказий банклари ҳар ой ўртача 11–12 тоннадан олтин сотиб олиб, резерв сиёсатини изчил равишда мустаҳкамлаб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid