Ўзбекистонда гўшт нархи кескин ошди

Bugun 10:571 daqiqa

Мамлакатда гўшт нархи бир ойда 8 фоизгача қимматлашган.

Ўзбекистонда гўшт нархи кескин ошди

Ўзбекистонда гўшт нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир ой ичида гўшт нархи ўртача 8 фоизгача ошган.

25 март ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги «Эски жува» (Чорсу) бозорида мол гўштининг улгуржи нархи 75 минг сўмдан 108 минг сўмгача етган. Қовурға 75–80 минг, сарпанжа 85–95 минг, сон қисми эса 90–100 минг сўм атрофида сотилмоқда. Шу билан бирга, музлатилган импорт гўшти 85 мингдан 110 минг сўмгача таклиф қилинмоқда.

Қўй гўшти ҳам қимматлашган. Унинг минимал улгуржи нархи 85 минг сўм, максимал нархи эса 110 минг сўмга етган. Бозорлардаги бу ўсиш чакана савдога ҳам таъсир қилмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров гўшт нархининг ошишини ташқи омиллар билан боғлади.

«Мол гўшти нархининг қимматлашиши Россияда касаллик тарқалаётгани баҳонасида фермерлардан чорва молларининг тортиб олиниши, шунингдек, Қозоғистон Россиядан тирик чорва ва гўшт олиб кириш ва транзитини тақиқлаши фонида юз бермоқда», — дейди иқтисодчи.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ–феврал ойларида Ўзбекистон 156,9 миллион долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилган. Шунинг 120 миллион доллари ёки 25,9 минг тоннаси қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келган.

Teglar

Mavzuga oid