Logo

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш харажатлари ЯИМнинг 5 фоизигача оширилади

2031-йилга бориб давлатнинг соғлиқни сақлашга харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказилади. Шунингдек, бепул бериладиган дори воситалари сони 28 тадан 69 тагача кўпайтирилади, давлат тиббий суғуртаси барча хонадонларни қамраб олади.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш харажатлари ЯИМнинг 5 фоизигача оширилади © stock

Ўзбекистонда аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилади.

Президент фармони билан 2027–2031-йилларда амалга ошириладиган еттита миллий дастур ва уларнинг чора-тадбирлар режалари тасдиқланган. Улардан бири аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган.

Дастур доирасида соғлиқни сақлашга йўналтириладиган давлат харажатларининг ЯИМдаги улушини босқичма-босқич ошириш белгиланган. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2027-йилда 3,2 фоиз, 2028-йилда 3,7 фоиз, 2029-йилда 4,1 фоиз, 2030-йилда 4,6 фоиз ва 2031-йилда 5 фоизга етказилади.

Ажратилаётган маблағлар самарадорлигини баҳолаш учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги ривожлантириш дастурларига мувофиқ мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланади.

Тиббиётда профилактикага устуворлик берилади

2027-йил январигача бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янги модель асосида ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унга кўра, янги модель босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади. Бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокорлар улуши 70 фоизга етказилади.

Шунингдек, аҳолининг соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиши ва фаол кексалигини таъминлаш чоралари белгиланади.

«Ақлли соғлиқ харитаси» дастури орқали ҳар бир фуқаро учун ёши, жинси ва мавжуд хавф омилларидан келиб чиқиб, индивидуал профилактик кўриклар режаси шакллантирилади.

Давлат тиббий суғуртаси барча хонадонларни қамраб олади

2027–2030-йилларда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқаролар учун электрон тиббий полис жорий этилади.

У орқали ҳар бир фуқаро ўзининг давлат тиббий суғуртаси доирасидаги ҳуқуқий мақоми, фойдаланиши мумкин бўлган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати билан шахсий кабинети орқали танишиши мумкин бўлади.

Шунингдек, кафолатланган тиббий хизмат ёки дори воситасидан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳақида SMS ва ЯИДХПдаги шахсий кабинет орқали хабарнома юбориш механизми йўлга қўйилади.

Давлат тиббий суғуртаси доирасида реимбурсация дастури бўйича дорихоналардан бепул бериладиган дори воситалари сони ҳам оширилади. Хусусан, 2027-йилдан уларнинг тури амалдаги 28 тадан 69 тагача етказилади.

Бундан ташқари, режали амбулатор гемодиализ олаётган беморларнинг даволаш муассасасига бориб-келиш харажатларини ижтимоий карта орқали қоплаш механизми ишлаб чиқилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бу бўйича 2026-йил декабригача таклиф киритиш топширилган.

Ўзбекистонга камида бешта хорижий клиника жалб қилинади

Ихтисослашган тиббиётда рақобатни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш мақсадида дунёнинг камида бешта нуфузли клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

2027–2030-йилларда етакчи хорижий клиникалар билан музокаралар ўтказилиб, танлов асосида улар билан битимлар имзоланади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг узлуксиз касбий таълим билан қамрови ҳам кенгайтирилади. 2027–2030-йилларда олий тиббий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (WFME) стандартларига босқичма-босқич мувофиқлаштирилади. Шунингдек, таълим муассасаларида аккредитациядан ўтказиш дастури жорий қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистонда дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган тоифаларга ажратиш мезонлари ўзгартирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, 2027-йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 61,4 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағлар давлат бюджети харажатларининг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этади.

Ўзбекистонда бепул дори олиш тартиби қандай ва давлат бунга қанча сарфлаяпти?

Сурункали касалликларда дори харажати бир марталик эмас, беморлар уларни ойлар, ҳатто йиллар давомида мунтазам харид қилишига тўғри келади. Аммо Ўзбекистонда айрим дориларни давлат ҳисобидан бепул олиш имконияти бор. Ҳозир 12 турдаги касаллик бўйича 28 турдаги дори харажати давлат томонидан қопланади. Vaqt.uz бу имконият кимларга берилиши, дориларни қандай олиш ва дастур қандай натижа бераётганини ўрганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш харажатлари ЯИМнинг 5 фоизигача оширилади | Vaqt.uz