Ўзбекистонда озиқ-овқат назорати ягона тизимга ўтади

Bugun 18:002 daqiqa

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви тизими жорий этилади.

Ўзбекистонда озиқ-овқат назорати ягона тизимга ўтади

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш тизими тўлиқ қайта ташкил этилмоқда. Соҳадаги такрорланувчи функциялар қисқартирилиб, халқаро стандартларга мос назорат тизими шакллантирилади.

Президент фармонига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ташкил этилади. Ҳужжат билан турли идоралар ваколатларини мақбуллаштириш ва назоратни марказлаштириш кўзда тутилган.

Фармонда «даладан дастурхонгача» тамойили асосида хавф таҳлилига таянган назорат тизимини жорий этиш белгиланган. Шу орқали маҳсулот сифати ва хавфсизлиги устидан мониторинг кучайтирилиши режалаштирилмоқда.

Халқаро талабларга мослаштирилади

Шунингдек, амалдаги санитария қоидалари халқаро талабларга мувофиқлаштирилади. Хусусан, Алиментариус кодекси стандартлари, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (WОАҲ) ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (ИППC) талаблари асос қилиб олинади.

Янги қўмита тузилади


Фармонга мувофиқ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳам фаолият бошлайди.

2027 йилдан бошлаб озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги айрим функциялар босқичма-босқич хусусий секторга ўтказилади. Шу билан бирга, қўмита ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги институти ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Йиғилишда Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш, экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни режалари маълум қилинганди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасига ва Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигига раҳбарлар ҳам тайинланганди.

Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили сифатида фаолият юритиб келаётган Азизбек Урунов ўриндошлик асосида Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси лавозимига, «Микрокредитбанк» бошқаруви раиси Ориф Бўтаев эса Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланганди.

Teglar

Mavzuga oid