Logo

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги ортидан автомобиль нархлари арзонлашадими?

Bugun 17:256 daqiqa

Ўзбекистоннинг 2026-йили Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу ортидан хорижий автомобиллар арзонлашиши ҳақида турли тахминлар пайдо бўлди. БАммо таҳлилларга кўра, импорт автомобиллари нархи кескин пасаймайди, асосий ўзгаришлар эса маҳаллий автомобилсозликда кузатилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги ортидан автомобиль нархлари арзонлашадими?

2026-йил 6-май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 2026-йили Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнларини якунлашни топширган эди. Бугунга қадар икки томонлама музокаралар ўтказишга қизиқиш билдирган 35 давлатдан 33 таси билан келишувга эришилган. Ҳозирча фақат Қозоғистон ва Тайван билан музокаралар якунланмаган.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда автомобиль бозори юзасидан турли фикрлар тарқалди. Айримлар хориждан олиб кириладиган автомобиллар кескин арзонлашини, фойдаланилган машиналарга божлар бекор қилиниши ва маҳаллий автосаноат инқирозга учрашини тахмин қилмоқда. Аслида реал вазият қандай?

Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнида давлатлар божхона тарифлари бўйича мажбуриятларни келишиб олади. Ўзбекистон томони автомобиль саноатини ҳимоя қилиш мақсадида импорт божлари босқичма-босқич пасайтирилиши ҳақидаги келишувга эришган. Утилизация йиғими эса сақлаб қолинди, чунки бу ЖСТнинг тариф мажбуриятларига киритилмаган. Шу сабабли мамлакатда арзон хорижий автомобиллар оқими юзага келмайди, деб хабар бермоқда Autostrada нашри.

Аксинча, ташкилотга аъзо бўлиш йирик автомобиль компанияларини машиналарни четдан олиб келишга эмас, балки Ўзбекистонда завод очиб ишлаб чиқаришга кўпроқ ундайди.

Нега хорижий автомобиллар сезиларли арзонлашмайди?

ЖСТ фақат божхона тарифларини тартибга солади. Ташкилотга аъзо бўлаётган давлат музокаралар давомида бож ставкаларининг максимал чегарасини белгилайди ва кейинчалик ундан юқори тарифларни қўллай олмайди.

Аммо бож автомобильни божхона расмийлаштириш харажатларининг фақат бир қисми ҳисобланади. Бундан ташқари, нотариф тўсиқлар ҳам мавжуд. Хусусан, утилизация йиғими ички экологик тўлов ҳисобланади ва ЖСТнинг тариф мажбуриятларига киритилмаган.

Россия, Қозоғистон ва Ветнам ҳам ЖСТга аъзо бўлгач, айнан шу механизм орқали миллий автосаноатини ҳимоя қилган. Ўзбекистон ҳам худди шундай йўл тутиб, 2021-йили утилизация йиғими жорий этганди.

Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон автомобиль саноати «сезгир тармоқлар» қаторига киритилган бўлиб, ушбу соҳа учун саккиз йилгача давом этадиган ўтиш даври мавжуд.

KPMG прогнозига кўра, транспорт воситаларини импорт қилиш божи ўртача 15 фоиздан 10,8 фоизгача камаяди. Бироқ бу ўзгариш бир зумда эмас, балки узоқ вақт давомида босқичма-босқич амалга оширилади.

BMW автомобили мисолида божхона тўловлари

ЖСТга аъзо бўлгач, божхона тўловлари қандай ўзгаришини икки литрли двигателга эга янги BMW 320i мисолида кўриб чиқамиз.

Ушбу моделнинг Германиядаги ўртача нархи 51 900 еврони ташкил этади. Экспорт вақтида Германиядан ҚҚС ундирилмайди ва автомобиль харидорга 43 600 еврога тушади. Еврога нисбатан долларнинг жорий курси ҳамда автомобильни етказиб бериш харажатларини ҳисобга олганда, бу Ўзбекистон чегарасида тахминан 50 000 долларга етади.

1

Ҳисоб-китобларга кўра, ЖСТ мажбуриятлари тўлиқ кучга киргач, янги импорт автомобили харидори учун иқтисод қилинадиган сумма тахминан 2 350 доллар, яъни якуний нархнинг 3,3 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, ушбу пасайиш бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Валюта курсининг ўзгариши ёки утилизация йиғимининг қайта кўриб чиқилиши эса бу фарқни деярли йўққа чиқариши мумкин.

Эски автомобиллар бозорида нималар ўзгаради?

Ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошган автомобиллар учун юқори божхона божлари амал қилади. Асосий бож ставкаси 40 фоиз ҳамда двигатель ҳажмининг ҳар бир куб сантиметри учун 3 доллар, утилизация йиғими эса 210 БҲМ (тахминан 6 920 доллар)ни ташкил этади.

Масалан, 2017-йили ишлаб чиқарилган 25 000 долларлик Mercedes E-Class автомобили (двигатель ҳажми 2 литрли) Тошкентда рўйхатдан ўтказилгунига қадар 53 670 долларга айланади. Бунда бож 16 000 доллар, утилизация йиғими 6 920 доллар, ҚҚС 5 750 долларни ташкил қилади. Умумий «растаможка» дастлабки нархнинг 115 фоизини ташкил қилади.

Минилган хорижий автомобиллар учун божхона божлари сезиларли даражада камайтирилган тақдирда ҳам, бозор утилизация йиғими ҳисобига ҳимояланганича қолади.

Миллий автосаноат

Бугунги кунда автомобиль ишлаб чиқарувчилари бутловчи қисмларни асосан ҳукумат томонидан тақдим этилган имтиёзлар асосида импорт қилмоқда. ЖСТга аъзоликдан сўнг эса барча ишлаб чиқарувчилар жаҳон бозоридаги хомашё ва бутловчи қисмлардан тенг шароитларда фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Бу янги автомобиль брендларининг Ўзбекистон бозорига кириш харажатларини камайтиради ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун алоҳида ҳукумат қарорлари ёки махсус имтиёзларга бўлган эҳтиёжни қисқартиради.

Шу билан бирга, мамлакатда фаолият юритаётган автомобиль ишлаб чиқарувчилари экспорт бозорларига чиқиш ва ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳамда бутловчи қисмларни импорт қилишда янада қулай шароитларга эга бўлади.

Натижада Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш тайёр автомобилларни импорт қилиш ёки йирик узелли йиғишга нисбатан иқтисодий жиҳатдан анча жозибадор ва фойдали моделга айланади. Бу тенденция эса аллақачон шакллана бошлаган.

Бу тенденция аллақачон кузатилмоқда.

Масалан, ADM Jizzakh корхонасида Kia, Haval, Changan ва Chery брендларининг автомобиллари ишлаб чиқарилади. 2025-йил якунига келиб корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 35 фоизга етган. 2026-йил март ойида эса завод Kia Sonet модели бўйича маҳаллий маҳсулот сертификатини олди ва апрель ойидан бошлаб Kia K3 моделининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, BYD Uzbekistan ҳам икки модель бўйича CKD (тўлиқ узелли йиғиш) ишлаб чиқаришини бошлаган.

Бугунги кунда автомобиль саноатида пластик деталлар, автомобиль ойналари, ўриндиқлар, бамперлар ва электр симлари каби қатор бутловчи қисмлар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда.

Бошқа давлатлар тажрибаси

Ўзбекистон ЖСТга дунёда энг сўнгги қўшилаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу эса бошқа давлатлар тажрибасидан хулоса чиқариш имконини беради. Кузатувларга қараганда, жуда тез либераллашув саноатни заифлаштиради, ҳаддан ташқари протекционизм эса истеъмолчилар манфаатига зарар етказади.

Ветнам

Ветнам ЖСТга 2007-йили — автомобиль саноати ҳали етарли даражада шаклланмаган пайтда қўшилди. Аъзоликдан сўнг автомобилларга қўлланилган бож ставкалари 120 фоизгача бўлган даражадан 70 фоизгача пасайтирилди. Кейинчалик, 2018-йилдан бошлаб ASEAN эркин савдо битими доирасида Таиланд ва Индонезиядан импорт қилинадиган автомобиллар учун божлар тўлиқ бекор қилинди.

Натижада импорт қилинадиган автомобиллар маҳаллий йиғилган автомобилларга нисбатан арзонлашди ва ички ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини йўқота бошлади. Фақат орадан қарийб 15 йил ўтиб, миллий электромобиль ишлаб чиқарувчиси VinFast ишга тушгач, саноат яна қайта жонланди. Хусусан, компания 2025-йили ички бозорда 175 099 та электромобиль сотган.

Қозоғистон

Қозоғистон эса ЖСТга қўшилиш жараёнида бошқа стратегияни танлади. 2015-йили мамлакат автомобиль импортига юқори даражада қарам эди. Хусусан, 2014-йилнинг ўзида Россиядан 109 мингта автомобиль импорт қилинган.

ЖСТ мажбуриятлари кучга кириши билан бир вақтда утилизация йиғими жорий этилди. Натижада автомобиль бозори кескин қисқариб, савдо ҳажми 70 фоизга камайди, автомобиллар нархи эса АҚШ доллари ҳисобида қарийб 40 фоизга ошди. Бозорнинг тикланиш жараёнлари деярли ўн йил давом этган.

Ҳозирги кунга келиб, бу сиёсат маълум даражада ўз самарасини берган. Мамлакатда Chevrolet, Hyundai, Kia, Chery, Changan, Haval, JAC, Jetour, Hongqi ва Škoda автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. 2025-йили энг кўп сотилган ўнта моделнинг барчаси Қозоғистонда йиғилган бўлиб, автомобиль саноати машинасозлик тармоғи умумий ҳажмининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда.

Бироқ ушбу натижа истеъмолчилар учун автомобиллар нархининг сезиларли қимматлашуви эвазига юзага келган.

Харидорлар учун нималар ўзгаради?

Кўпчилик кутаётганидек, ЖСТга аъзолик ортидан Ўзбекистонга арзон нархлардаги Mercedes, BMW ёки бошқа премиум автомобиллар оммавий кириб келмайди.

Асосий ўзгариш импорт автомобилларида эмас, балки мамлакатда ишлаб чиқарилаётган автомобилларда намоён бўлиши мумкин. Хомашё ва бутловчи қисмлар импортига қўйилган божларнинг босқичма-босқич қисқариши ҳамда маҳаллийлаштириш даражасининг ошиши ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга хизмат қилади. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар нархини босқичма-босқич камайтириш учун шароит яратилади.

Бироқ бу дарҳол содир бўладиган жараён эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, асосий таъсир ўрта муддатда, яъни 3–5 йил ичида намоён бўлиши мумкин. Шу даврда ишлаб чиқариш таннархининг тахминан 10–15 фоизга қисқариши эҳтимоли мавжуд.

Teglar

Mavzuga oid