
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида хорижий корхоналар кўп жойлашган?
Мамлакатда ҳудудлар кесимида хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг катта қисми Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент ва Самарқанд вилоятларига тўғри келаётгани маълум бўлди.

2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида жами 17 минг 900 та корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, энг катта кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда хорижий сармоя иштирокидаги 11 минг 369 та корхона фаолият олиб бормоқда. Бу умумий кўрсаткичнинг катта қисмини ташкил этади.
Иккинчи ўринда Тошкент вилояти жойлашган бўлиб, бу ҳудудда 2 минг 330 та хорижий корхона рўйхатга олинган. Пойтахтга яқинлик, логистика имкониятлари ва саноат зоналарининг мавжудлиги вилоятда инвестиция фаоллигини оширмоқда.
Вилоятлар кесимида Самарқанд вилояти 661 та корхона билан етакчи ўринларни сақлаб турибди. Ундан кейин Фарғона вилоятида 609 та, Сурхондарё вилоятида эса 492 та хорижий инвестицияли корхона фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ҳудудларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги лойиҳалар устунлик қилмоқда.
Андижон вилоятида 404 та, Бухоро вилоятида 377 та, Навоий вилоятида 307 та корхона мавжуд. Саноат ва табиий ресурсларга бой ҳудудлар сифатида Навоий ва Бухоро вилоятлари инвесторлар эътиборини сақлаб қолмоқда.
Қолган ҳудудларда кўрсаткичлар нисбатан пастроқ. Сирдарё вилоятида 270 та, Наманган вилоятида 261 та, Жиззах вилоятида 248 та хорижий корхона рўйхатга олинган. Қорақалпоғистон Республикасида 218 та, Хоразм вилоятида 196 та, Қашқадарё вилоятида эса 158 та корхона фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 1 декабр ҳолатида Ўзбекистонда қайси соҳаларда хорижий корхоналар кўпроқ фаолият юритаётгани ҳақида хабар бергандик.





