Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи бир йилда 20 фоизга ортди
Ўтган йилнинг дастлабки уч ойида умумий ташқи қарз 68,4 млрд доллар эди.
© ReutersЎзбекистон умумий ташқи қарзининг қолдиғи жорий йил бошига нисбатан ўзгаришсиз сақланиб, 82,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида келтирилган.
Яъни, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра ҳам республиканинг умумий ташқи қарзи ана шундай суммада эди. Умумий ташқи қарз таркибида давлат ташқи қарзи қолдиғи 2025 йил давомида 40,5 млрд долларга етганди. Қарзнин ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 2024 йил билан солиштирилганда 0,4 фоиз бандга камайиб, 27,5 фоизни ташкил этганди. Аммо ўтган йилнинг дастлабки уч ойида умумий ташқи қарз 68,4 млрд доллар бўлган бўлса, бир йиллик даврда қарз 20 фоизга, қарийб 13,8 млрд долларга ортди.
Умумий қарз таркибида давлат ташқи қарзи 40,5 млрд доллар, корпоратив ташқи қарз эса 41,7 млрд долларга тенг. Давлат зиммасидаги қарзлар миқдори бир йил ичида 4,7 млрд долларга, корхоналар қарзлари 9,1 млрд долларга кўпайган.
Марказий банкка кўра, корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади. Бунда корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас, улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Кредитлар асосан имтиёзли шартларда олингани сабаб Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг ташқи қарз юки паст даражада эканини эслатиб ўтган.
2026 йил учун Ўзбекистон бюджетига оид қонунда ҳукумат номидан ташқи қарзларни жалб қилишнинг чекланган ҳажми 5 млрд доллар этиб белгиланган. Олинган кредитларнинг ярми давлат бюджети тақчиллигини қоплашга, қолган 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда умумий давлат қарзи 2025 йилда 111 триллион долларга етгани ва қарзи энг кўп давлат кимлардан қарздорлиги ҳақида ёзган эдик.





