add

«Ўзбекнефтгаз» раисига коррупцияга қарши курашувчи янги ўринбосар тайинланди

Bugun 13:352 daqiqa

Компанияда комплаенс ва коррупцияга қарши назоратни кучайтиришга қаратилган кадрлар ўзгариши амалга оширилди.

«Ўзбекнефтгаз» раисига коррупцияга қарши курашувчи янги ўринбосар тайинланди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбариятида навбатдаги кадрлар тайинлови амалга оширилди. Компания бошқарув раисининг комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат йўналиши бўйича ўринбосари лавозимига адлия катта маслаҳатчиси Зоҳид Қораев тайинланди.

Қайд этилишича, ушбу лавозимда Зоҳид Қораев комплаенс талабларига риоя этилишини таъминлаш, ички назорат тизимларини такомиллаштириш ҳамда коррупция хавф-хатарларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштиради. Шунингдек, корпоратив бошқарувда шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Янги тайинлов «Ўзбекнефтгаз» АЖда халқаро стандартларга мос комплаенс тизимини шакллантириш ва давлат иштирокидаги йирик компанияда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида амалга оширилди.

Маълумот учун, Зоҳид Қораев мазкур лавозимга тайинланишидан олдин Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 12 январ куни Ўзбекистон президенти ҳузурида ўтказилган тақдимотда соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Шунингдек, тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси ишдаги камчиликлари учун 4 та ҳудуддаги нефт базалари раҳбарларини ишдан бўшатгани ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid