«Ўзгаришлар муқаррар»: Эронни келажакда нима кутяпти?

25.01.2026 | 10:456 daqiqa

42 фоизлик инфляция, қадрсизланган риёл ва сувсиз қолган шаҳарлар. Эрон халқи ва ҳукумати ўртасидаги ўн йиллик «ижтимоий шартнома» парчаланди. Энди Хоминаий маъмурияти нафақат АҚШ санкциялари, балки ўз сиёсий мавқеини сақлаб қолиш учун курашмоқда.

«Ўзгаришлар муқаррар»: Эронни келажакда нима кутяпти?

Эронда оммавий норозилик намойишлари бироз пасайди. Ўн минглаб одамлар ҳибсга олинди. Тартибсизликларни қўллаб-қувватлашда айбланганларнинг мулклари мусодара қилинди, ўзлари эса «терроризм» айблови билан таъқиб қилинмоқда. Ҳукумат ҳозирча вазиятни назорат қилишга муваффақ бўлди.

Бироқ ташқи хотиржамлик ортида ғалаёнларга сабаб бўлган ўша эски муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, Эронда иқтисодиётни тиклаш ва санкциялар босимидан қутилиш учун оғриқли муросага бориш ёки янги тартибсизликларга рўбаро бўлишдан ўзга чора қолмаган. Издан чиққан иқтисодиёт, минтақавий иттифоқчиларнинг заифлашуви ва АҚШ ҳужуми хавфи остида қолган Эрон бугун чорраҳада турибди.

«Бу барқарор ҳолат эмас ва у узоқ давом этмайди. Тизим эртагаёқ буткул инқирозга учрайди, демоқчи эмасман, лекин у ҳозир таназзул спиралига тушиб қолган. Агар ўзгаришлардан бош тортилса, вазият фақат ёмонлашиб бораверади», — дейди Халқаро инқироз гуруҳи (International Crisis Group)нинг Эрон лойиҳаси директори Али Ваез.

Охирги намойишлар декабр ойи охирида, миллий валюта қадрсизланиши ортидан бошланган норозиликлар мамлакат миқёсидаги ғалаёнга айланиб кетиши натижасида келиб чиқди. Намойишчилар Эроннинг амалдаги бошқарув тизими — Ислом республикасини ағдаришни талаб қилишди. Ҳукуматнинг кўрган чоралари 1979 йилги инқилобдан кейинги энг шафқатсиз тўқнашувлардан бирига сабаб бўлди.

Эрон давлат ОАВларига кўра, намойишлар оқибатида 3117 киши ҳалок бўлган, улардан 2427 нафари тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакилларидир. АҚШда жойлашган инсон ҳуқуқлари фаоллари эса қурбонлар сони 4500 дан ошганини айтишмоқда.

Иқтисодий инқироз

2019 йилдаги ёқилғи нархи ошиши ёки 2022 йилдаги хотин-қизлар бошчилигидаги намойишлар каби ўтган йиллардаги ғалаёнлардан сўнг, давлат одатда субсидиялар ажратар ва ижтимоий чекловларни бироз юмшатар эди. Аммо бу сафар сўнгги намойишларга сабаб бўлган ижтимоий қийинчиликларни бартараф этиш учун ҳукуматнинг имкониятлари жуда чекланган.

Ўн йиллик халқаро санкциялар, шунингдек, бошқарувдаги хатолар ва коррупция туфайли Эрон риёлининг қиймати кескин қулади, нефтдан келадиган даромадлар эса камайди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатдаги инфляция 42 фоиздан ошиб, ўзининг чўққисига чиқди. Таққослаш учун, 2016 йилда — Эрон ва дунё давлатлари ўртасида ядровий дастурни чеклаш эвазига санкцияларни бекор қилиш бўйича келишув имзоланганидан бир йил ўтиб — бу кўрсаткич 6,8 фоизни ташкил этган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида — 2018 йилда ушбу келишувдан чиқди ва санкцияларни қайта жорий қилди.

Бунинг устига, Эронда мунтазам электр узилишлари ва сурункали сув танқислиги кузатилмоқда, бу эса оддий аҳоли турмушини тобора қийинлаштирмоқда. Санкциялар юкини камайтириш учун Эрон Трамп маъмурияти билан музокара ўтказишга мажбур. Аммо бунинг учун Хоминаий Эрон ташқи сиёсатининг асосий устунлари — ядровий дастур, баллистик ракеталар ва минтақадаги иттифоқчилар тармоғини қўллаб-қувватлаш масалаларида ён бериши керак бўлади.

Ушбу йўналишлар Эроннинг «илғор мудофаа» стратегиясининг — урушни Эрон ҳудудига етказмасликка қаратилган ҳарбий доктринасининг асосий қисмлари ҳисобланади. Мазкур унсурларнинг бирортасидан воз кечиш Хоминаий томонидан қурилган хавфсизлик архитектурасининг бутунлай ўзгаришини англатади. Илгари олий раҳбар ядровий дастурни қисман чеклашга тайёрлигини билдирган бўлса-да, ракеталар ва «қаршилик ўқи» деб аталувчи кучлар масаласида ҳеч қачон ён бермаган.

«Эрон бу уч масала бўйича расман чекловларни қабул қилишга тайёрми ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Трамп агар Эрон уранни бойитишни қайта бошласа, янги бомбардимон кампаниясини бошлаш билан таҳдид қилгани сабабли Хоминаий қарор қабул қилишда иккиланиб қолгандек кўринмоқда», — дейди Эрон масалалари бўйича таҳлилчи ва Amwaj.media нашри муҳаррири Муҳаммад Али Шабоний.

Трамп Эрон ўзининг ядровий инфратузилмасини бутунлай йўқ қилиши кераклигини айтган. Эрон эса ўз ядро дастури фақат тинчлик мақсадларида эканини таъкидлаб, бу вариантни рад этиб келмоқда.

Минтақадаги гуруҳларни қўллаб-қувватлаш масаласига келсак, Германия Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти илмий ходими Ҳалиреза Азизининг айтишича, Эрон ўтган йилнинг июн ойида Исроил билан бўлиб ўтган урушдан сўнг ушбу тармоқни қайта шакллантириш устида ишламоқда.

Исроил сўнгги бир неча йил ичида Эроннинг минтақадаги энг кучли иттифоқчиси — Ливан «Ҳизбуллоҳ»ининг арсеналини заифлаштирди ва раҳбариятини сафдан чиқарди. Ироқдаги гуруҳлар мамлакат сиёсий тизимига кўпроқ жалб қилиниб, эҳтиёткор бўлиб қолишди, Суриядаги Башар Асад режими эса қулади. Ниҳоят, Эроннинг ўзи ҳам минтақадаги асосий душмани — Исроил томонидан биринчи марта тўғридан-тўғри ва кенг кўламли ҳужумга учради.

Азизининг сўзларига кўра, ушбу урушдан сўнг Эронда минтақавий гуруҳлар билан ишлашнинг асл фойдаси борасида қизғин баҳслар бошланди. Якунда, «Эрон заминига фақат минтақавий иттифоқчилар заифлашганидан кейингина зарба берилди, ундан олдин эмас», деган аргумент устун келди.

«Шу сабабли, ҳозирги сиёсат — саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш ва ўша тармоқни баъзи ўзгаришлар билан қайта тиклашга қаратилган», — дейди Азизи. Унинг таъкидлашича, асосий эътибор Ироқдаги кичикроқ гуруҳлар билан ишлаш, «Ҳизбуллоҳ»га қурол етказиб беришнинг янги йўлларини топиш ва Ямандаги ҳусийларга кўпроқ таянишга қаратилган. Намойишлар ва АҚШ зарбаси хавфи бу стратегияни қанчалик ўзгартирганини баҳолаш учун ҳали эрта ва маълумотлар етарли эмас, бироқ расмий каналлар ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганидан далолат бермоқда.

Ўзгаришлар муқаррарми?

Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар кун тартибидан бутунлай тушгани йўқ. Намойишлар авжига чиққан паллада, Трамп Эрон ҳукуматининг халққа нисбатан «шафқатсиз тазйиқлари» учун мамлакатга зарба беришга ишора қилиши ортидан вазият кескинлашди. Бироқ, Форс кўрфази давлатлари Трампни бундай ҳужумдан тийилишга ундашгач (чунки улар бундай ҳаракат минтақани тартибсизликка етаклашидан хавфсирашади), у ўз оҳангини бирмунча юмшатди.

22 январ куни Трамп Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги алоқа каналлари очиқ эканига ишора қилди. «Эрон гаплашишни хоҳлайди ва биз гаплашамиз», — деди у Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида.

Бироқ, унинг бу сўзлари АҚШ ўз ҳарбий кучларини Яқин Шарққа кўчираётган бир вақтга тўғри келди. Бу, катта эҳтимол билан, Эронни келишувга мажбурлаш (куч ишлатиш билан қўрқитиш)га уринишдир. «У томонга улкан флот йўл олмоқда ва эҳтимол, улардан фойдаланишимизга ҳожат қолмайди», — деди Трамп.

Шундай бўлса-да, агар Эрон катта ён беришларга мажбур бўлса, мамлакат ичида хавфсизлик ва бошқарувнинг қонунийлиги ҳақидаги тушунчаларни қайта тиклаш қийин бўлиши мумкин. Йиллар давомида Эрон халқи ва тузум ўртасидаги яширин «ижтимоий шартнома» ижтимоий ва сиёсий эркинликлар эвазига хавфсизлик кафолатига асосланган эди. Аммо ўтган йили Исроил билан бўлган ва 12 кун ичида Эронда камида 610 киши ҳалок бўлган уруш ушбу ишонч устунини парчалаб ташлади.

«Эрон давлати ва жамияти ўртасидаги ижтимоий шартнома ўтган ўн йилликлар давомида заифлашиб бораётган эди. Ўтган йили электр ва сув инқирози туфайли асосий хизматлардаги узилишлар ортидан, энди хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам шубҳа остида қолди. Ўз умрини узайтириш учун Ислом Республикаси энди кенгроқ муаммо — халққа ўзи нима бера олиши ва нега мавжудлигини давом эттириши кераклигини тушунтириб беришдек мураккаб вазифага дуч келмоқда», — дейди Шабоний.

Азизининг фикрича, мамлакатда ўзгаришлар аллақачон бошланган: сиёсий тизим аста-секин руҳонийлар бошқарувидан ҳарбий етакчиликка ўтмоқда. 1979 йилги инқилобдан кейин тузилган элита куч — Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси мамлакатнинг энг қудратли иқтисодий ва сиёсий субъектига айланди.

«Хоминаий вафотидан ёки ҳокимиятдан кетганидан сўнг, Ислом Республикасини биз билган аввалги қиёфада кўрмаймиз. Бу халқни режимни ўзгартириш учун кўчага чиқишга кўпроқ ундайдими ёки ҳаммаси «Советча сценарий» бўйича тугаб, хавфсизлик тизими бошқа шаклда қайта намоён бўладими — бу очиқ савол. Аммо бир нарса аниқ: ўзгаришлар муқаррар», — дейди Азизи.

Teglar

Mavzuga oid