Ўзгидромет «кислотали булутлар» ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Исроилнинг Эрон нефт объектларига берган зарбалари оқибатида юзага келган улкан заҳарли булут шимолий-шарққа, Марказий Осиё давлатлари ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланиши кутилаётган эди.

Аввалроқ Исроилнинг Эрон нефт объектларига берган зарбалари оқибатида юзага келган улкан заҳарли булутларни атмосферадаги ҳаво оқимлари шимоли-шарққа — Марказий Осиё минтақасига қараб бошлаётганлигини ва бу заҳарли моддаларнинг «кислотали ёмғир» кўринишида бошқа Осиё давлатлари ҳудудига ёғиши хавфини юзага келтириши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ўзгидромет бу хабарларни илмий жиҳатдан асосланмаган, дея расмий муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда Эрон ҳудудида гўёки «кислотали булутлар» шаклланиб, улар ёғинлар билан Марказий Осиё давлатлари ҳудудига етиб келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур маълумотлар илмий жиҳатдан асосланмаган», — дейилади баёнотда.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, кислотали ёғинлар атмосферада олтингугурт ва азот оксидлари узоқ вақт давомида тўпланиб, булутларда сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиши натижасида ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар одатда йирик саноат марказлари, ишлаб чиқариш корхоналари ёки тўғридан-тўғри чиқинди манбалари жойлашган ҳудудлар яқинида кузатилади.
Мутахассислар таъкидлашича, Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчиши жараёнида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси атмосферадаги турбулентлик, вертикал аралашиш, қуруқ ва нам чўкиш жараёнлари таъсирида кескин камаяди. Шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли мумкин эмас.
Қолаверса, ёғинлар асосан маҳаллий булут ҳосил бўлиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, улар ҳудуд устидаги атмосферада мавжуд сув буғи ва аэрозоллар ҳисобига шаклланади.
Метеорологик кузатувлар ва атмосфера ҳавоси сифати мониторинги маълумотларига кўра, кислотали булутларнинг Ўзбекистон ёки қўшни давлатлар ҳудудига кўчиб келиши хавфи аниқланмаган.
Шу муносабат билан фуқаролардан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслик ва фақат расмий манбаларга таяниш сўралди.





