Парацетамол ва аутизм ўртасида боғлиқлик борми?

24.09.2025 | 21:4019 daqiqa

Ҳомиладорлик пайтида парацетамол қабул қилиш болада аутизм ривожланишига сабаб бўлиши айтилди. Бу фикр ҳали илмий жиҳатдан тасдиқланмаган.

Парацетамол ва аутизм ўртасида боғлиқлик борми?
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳомиладорлик даврида аутизм билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги сабабли Тайленол (Tylenol, таркибидаги асосий таъсир этувчи модда парацетамол) препаратини қабул қилмасликка чақирди. Унинг айтишича, яқин келажакда америкалик шифокорларга бу дори воситасини ҳомиладор аёлларга буюрмаслик тавсия этилади. «Тайленол ичиш яхши эмас, майли, буни очиқ айтаман. Бу яхши эмас. Шу сабабли, улар [тиббиёт идоралари] аёлларга ҳомиладорлик пайтида, агар тиббий кўрсатмаларга кўра зарур бўлмаса, Тайленол истеъмолини чеклашни қатъий тавсия этмоқдалар. Масалан, жуда юқори ҳарорат ҳолатида», - деди Трамп Оқ уйда соғлиқни сақлаш вазири Роберт Ф. Кеннеди-кичик билан бирга ўтказилган брифингда. AFP таъкидлашича, кўплаб мутахассислар ушбу препаратни ҳомиладорлик даврида қабул қилиш мумкин бўлган энг хавфсиз оғриқ қолдирувчи воситалардан бири деб ҳисоблайдилар. Тайленол ишлаб чиқарувчиси Kenvue компанияси ҳам АҚШ расмийларининг хулосаларига қўшилмаяпти. «Бизнинг фикримизча, мустақил ва ишончли илмий маълумотлар атсетаминофен [парацетамол] қабул қилиш аутизмга сабаб бўлмаслигини аниқ кўрсатмоқда. Биз бунинг аксини таъкидловчи ҳар қандай фикрга қатъиян қўшилмаймиз ва бундай даъволар бўлажак оналар саломатлигига хавф туғдиришидан чуқур ташвишда эканмиз», - дея компания BBC учун берган баёнотида таъкидланди. Баъзи тадқиқотлар ҳақиқатан ҳам ҳомиладорлик пайтида парацетамол ёки атсетаминофен қабул қилиш билан аутизм ўртасида аҳамиятсиз боғлиқлик борлигини кўрсатади. Бироқ, бу маълумотлар изчил эмас ва дори воситасининг аутизмга сабаб бўлишини исботламайди. Tylenol нима? Тайленол рецептсиз бериладиган оғриқ қолдирувчи дори воситасидир. Унинг фаол моддаси АҚШда атсетаминофен, бошқа мамлакатларда эса парацетамол номи билан танилган. Бу препарат турли савдо номлари остида, жумладан чақалоқлар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган кўринишларда сотилади. У бутун дунё бўйлаб уй дори қутичаларида оғриқ ва иситмани тушириш учун зарур воситага айланиб улгурган. Ҳомиладор аёллар учун уни қабул қилиш хавфсизми? Дунё бўйлаб йирик тиббиёт ташкилотлари ва давлат муассасалари бу дори воситасининг ҳомиладор аёллар учун хавфсиз эканлигини таъкидламоқда. Америка акушерлар ва гинекологлар коллегияси маълум қилишича, бутун мамлакат бўйлаб шифокорлар тайленолни ҳомиладор аёллар учун хавфсиз бўлган саноқли оғриқ қолдирувчи воситалардан бири сифатида изчил равишда тилга олишмоқда. «Илгари ўтказилган тадқиқотлар ҳомиладорликнинг ҳар қандай босқичида атсетаминофенни оқилона қўллаш ва ҳомила ривожланишидаги муаммолар ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлиги ҳақида аниқ далиллар келтирмаган», - дея таъкидланади ташкилот баёнотида. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) тавсияларига кўра, парацетамол ҳомиладор аёллардаги оғриқларда «биринчи танлов препарати» ҳисобланади. «У ҳомиладорлик даврида кенг қўлланилади ва фарзандингизга зарар етказмайди», - дейилади тавсияларда. Тайленол ишлаб чиқарувчи Kenvue компаниясининг таъкидлашича, бу ҳомиладор аёллар учун оғриқсизлантиришнинг энг хавфсиз вариантидир. Ишлаб чиқарувчи ҳам, америкалик шифокорлар ҳам бўлажак оналарга ҳар қандай рецептсиз дориларни қабул қилишдан олдин тиббиёт ходимлари билан албатта маслаҳатлашишни маслаҳат беришади. Трамп маъмурияти фақат тана ҳарорати юқори бўлгандагина оғриқ қолдирувчи дори ичишни тавсия қилган. Чунки, узоқ давом этадиган юқори ҳарорат онага ҳам, ривожланаётган болага ҳам зарар етказиши мумкин. Парацетамол аутизмни келтириб чиқариши мумкинми? Апрел ойида АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири кичик Роберт Кеннеди аутизм сабабини беш ой ичида аниқлаш учун «кенг кўламли тест ва тадқиқот дастури»ни ваъда қилди. Бироқ, экспертлар ўнлаб йиллар давомида ўрганилаётган мураккаб синдром - аутизмнинг сабабларини топиш осон бўлмаслигидан огоҳлантирди. Тадқиқотчилар орасида кенг тарқалган нуқтаи назар шундан иборатки, аутизмнинг ягона сабаби йўқ. Бу касаллик генетик ва ташқи омилларнинг мураккаб комбинацияси туфайли юзага келади деб ишонилади. Август ойида Гарвард университетининг Чан жамоат саломатлиги мактаби декани раҳбарлигида ўтказилган илмий маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, ҳомиладорлик пайтида таиленол таъсирига учраган болаларда аутизм ва асаб тизимининг бошқа ривожланиш бузилишлари хавфи юқори бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар дори воситасидан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш лозимлигини таъкидладилар, бироқ шу билан бирга, оғриқ қолдирувчи восита ҳомиладор аёлларда оғриқ ва иситмани даволашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Аммо 2024 йилда эълон қилинган бошқа тадқиқот тайленол истеъмоли ва аутизм ўртасида боғлиқлик топмагани маълум бўлди. Дарем университетининг ижтимоий ва ёш психологияси профессори Моник Бота шундай деди: «Сабаб-оқибат алоқасини кўрсатадиган ишончли далиллар ёки ишончли тадқиқотлар мавжуд эмас». Парацетамол қандай таъсир қилади Оғриқ қолдирувчи дорилар, шунингдек аналгетиклар деб ҳам аталадиган препаратлар, опиоид ва ноопиоид турларига бўлинади. Кўкноридан олинадиган ёки лабораторияларда синтез қилинадиган опиоидлар миядаги опиоид рецепторлари билан боғланиб, роҳатланиш ҳисси билан алоқадор бўлган дофамин гормонининг ажралиб чиқишига олиб келади. Бироқ, бундай дорилар кучли қарамликни келтириб чиқариши мумкин, шу сабабли мутахассислар аввало парацетамол каби ноопиоид дорилар ёрдамида оғриқни бартараф этишга уринишни тавсия этадилар. Қизиқ томони шундаки, парацетамолнинг айнан қандай таъсир қилиши ҳақида ҳали ҳам ягона фикрга келинмаган. «Парацетамолнинг таъсир механизми ҳали тўлиқ аниқланмаган. Эҳтимол, у марказий асаб тизими ва бош миядаги оғриқни сезишга таъсир кўрсатади, шунингдек, яллиғланишга қўшимча таъсир этиши мумкин», - дейди Буюк Британиядаги Лидс университети мушак-скелет тиббиёти профессори Филип Конехен. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маълумотларига кўра, парацетамол миядаги оғриқ ҳақида ахборот узатувчи ва тана ҳароратини бошқарувчи кимёвий сигналларни тўсиб қўяди. Узоқ вақт давомида парацетамол оғриқ билан боғлиқ бўлган гормонсимон моддалар - простагландинлар ишлаб чиқарилишида иштирок этувчи сиклооксигеназа (CОХ) ферментини бостириб, таъсир кўрсатади, деган назария мавжуд эди. Бироқ, ҳозирда парацетамолнинг бошқа таъсир механизмлари ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Масалан, организмда у АМ404 бирикмаси шаклида метаболизмга учрайди. Бу бирикма оғриқ сигналларини узатишга масъул бўлган периферик нейронлардаги натрий каналларига таъсир этади. Маҳаллий оғриқсизлантирувчи воситалар ҳам худди шундай таъсир кўрсатади. Парацетамолни қанча миқдорда қабул қилиш мумкин? Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар парацетамол дозаларига қатъий амал қилиш муҳимлигини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, агар дори тўғри миқдорда ва қисқа муддат давомида қабул қилинса, салбий таъсирлар камдан-кам ҳолларда юзага келади. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати тавсияларига кўра, тавсия этилган миқдор 500 мг дан бир ёки иккита таблетка бўлиб, кунига тўрт мартагача, бироқ 24 соат ичида саккизта таблеткадан (4000 мг) ошмаслиги лозим. Бу миқдордан ошиб кетиш жигарнинг жиддий зарарланишига ёки ишдан чиқишига олиб келиши мумкин, чунки парацетамолнинг тахминан 5 фоизи NAPQI деб аталувчи заҳарли модда - бензохинониминга айланади. АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармон назорати бошқармаси (FDA) маълумотларига кўра, 1998 йилдан 2003 йилгача АҚШда ўткир жигар етишмовчилигининг асосий сабаби парацетамол дозасининг ошиб кетиши бўлган. Деярли ярим ҳолатда дозанинг ошиб кетиши тасодифан содир бўлган - жабрлангувчилар билмаган ҳолда рухсат этилган кунлик дозадан ошиб кетишган. Бу тез-тез содир бўлади, чунки FDA маълумотларига кўра, парацетамол 600 га яқин турли дори воситаларининг таркибига киради. Шу сабабли, грипп билан оғриган киши бир вақтнинг ўзида бир нечта дори воситасини қабул қилиши мумкин, бироқ улар дориларнинг ҳар бирида парацетамол борлигини сезмаган. Мутахассислар ота-оналарга болаларнинг дори дозасини синчиклаб назорат қилишни маслаҳат беришади. Айниқса, бола кун давомида турли жойларда — масалан, боғчада, буви-бобоси уйида ва ўз уйида вақт ўтказса, бу алоҳида эътибор талаб қилади. Парацетамолнинг самарадорлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) оғриқ ва енгил иситмани даволашда парацетамолни биринчи ёрдам қаторига кирадиган дори воситаси сифатида (яъни, ҳали даволанмаган бемор учун энг хавфсиз ва самарали танлов сифатида) тавсия этади. Агар у натижа бермаса, беморлар «оғриқ зинапояси» деб аталувчи тизимнинг кейинги босқичига ўтказилади: аввал кучсиз опиоидлар, сўнгра кучли опиоидлар ва зарур бўлса, махсус даволаш усуллари қўлланилади. Парацетамолнинг самарадорлиги оғриқ турига қараб фарқланади. Илмий тадқиқотларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланувчи Британия Кокран институти маълум қилишича, парацетамол ўткир мигрен, шунингдек туғруқдан ва жарроҳлик амалиётларидан кейинги оғриқларни даволашда самарали ҳисобланади. Бироқ, унинг фойдаси, масалан, тизза бўғимлари артритида «ўртача» даражада баҳоланади. Бел оғриғи ёки онкологик касалликлар билан боғлиқ жисмоний ноқулайликларда эса парацетамол плацебодан кўра самаралироқ эмас эканлиги аниқланган.

Teglar

Mavzuga oid