Полша СССР давридаги зарар учун даъво тайёрламоқда: Россия жавоб қайтарди
Доналд Тускнинг топшириғига биноан, Ян Карский номидаги уруш талофатларини баҳолаш институти Россияга қарши даъво тайёрлашни бошлади.

Оммавий ахборот воситалари Полша Россияга қарши судга даъво аризаси киритишга тайёрланаётгани ва СССР ҳаракатлари учун репарация тўлашни талаб қилиши ҳақида хабар берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу талабга жавоб қайтарди.
РБК маълумотларига кўра, «Financial Times» нашри Полша Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича Россиядан репарация талаб қилиш учун даъво тайёрлашни бошлаганини маълум қилган. Бу ҳақда Полшанинг Ян Карский номидаги ҳарбий талофатларни баҳолаш институти директори Бартош Гондек баёнот берган.
Дипломатик урушнинг янги босқичи
«Полша Бош вазири Доналд Туск институтга Россияга нисбатан шу мақсадда тадқиқот ўтказишни топширди. Гондекнинг сўзларига кўра, бу тадқиқот Полша нацистлар Германияси жиноятлари учун талаб қилган 1,3 триллион евро миқдоридаги товон пулидан ҳам кенг кўламлироқ бўлади», — дейилади нашрда.
Институт директори ҳозирги вақтда Москвадан талаб қилинадиган товон пули миқдорини муҳокама қилиш «эрта» эканини айтган. Гондек полшалик тарихчилар учун Россия архивлари ёпиқлигини, ҳужжатларнинг бир қисми эса совет даврида сохталаштирилган ёки йўқ қилинганини таъкидлаб ўтган.
Нашр, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг изоҳини ҳам олди. Унинг таъкидлашича, Полшанинг Россиядан репарация талаб қилишига жавобан Москва «Иван Сусанин» операси видеосига ҳавола тақдим этиши мумкин.
«Репарация сифатида «Иван Сусанин» операси видеосига ҳавола тақдим этишимиз мумкин», — дея жавоб қайтарган Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.
Тарихий хотира
Иккинчи жаҳон уруши талофатлари бўйича баҳслар ўн йилликлар давомида тўхтамаяпти. Полша ўз ҳудудида содир этилган вайронагарчиликлар ва инсон талофатлари учун нафақат Германияни, балки СССРни ҳам айбдор деб билади. Россия эса ўзини озодлик келтирган томон деб ҳисоблаб, бундай даъволарни «тарихни қайта ёзиш» деб баҳолайди.





