Logo

Президент администрацияси тўғрисида конституциявий қонун қабул қилиниши мумкин

Бугун 12:252 дақиқа

Қонун лойиҳаси Президент администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.

Президент администрацияси тўғрисида конституциявий қонун қабул қилиниши мумкин © Oliy Majlis Qonunchilik palatasi

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 4-август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган. Лойиҳада администрация Ўзбекистон президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек администрацияга президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган администрация раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.

Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.

Маълумот учун, республика конституциясининг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясини шакллантиради ҳамда унинг раҳбарини тайинлайди. Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган.

Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатаси капитал бозорини ислоҳ қилишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганди.

Теглар

Мавзуга оид

Президент администрацияси тўғрисида конституциявий қонун қабул қилиниши мумкин | Vaqt.uz