add

«Путиннинг хуфиёна почтаси»: Германиядан Россияга санкцион юклар қандай етказилмоқда?

26.01.2026 | 08:382 daqiqa

Журналистик суриштирув Германиядан Россияга тақиқланган товарлар қандай қилиб почта орқали яширинча чиқиб кетаётганини очиб берди. Унда «Ўзбекистон почтаси» номидан ҳам фойдаланилгани ҳам айтилмоқда.

«Путиннинг хуфиёна почтаси»: Германиядан Россияга санкцион юклар қандай етказилмоқда?

Германиядан Россияга Европа Иттифоқи санкцияларига қарамай тақиқланган юклар етказиб берилаётган махфий логистика тармоғи мавжудлиги аниқланди.

Германиянинг «BILD» нашри журналистлари GPS-маякчалар ёрдамида жўнатмалар ҳаракатини кузатиб, уларнинг Берлиндан Москвагача етиб борганини ҳужжатлаштирган. Суриштирувга кўра, юклар Германияда расман почта қутисига эга бўлган, аммо амалда яширин омбор орқали ишлайдиган компания воситасида жўнатилган.

Маълум бўлишича, посилкалар Берлин—Бранденбург аэропорти яқинидаги омборга тўпланади, у ердан эса юк машиналари орқали Полша ва Беларус ҳудуди орқали Россияга олиб кирилади. Журналистлар юборган бешта тест жўнатма, таркибида санкция остидаги электрон компонентлар бўлишига қарамай, ҳеч қандай тўсиқсиз Москвага етиб борган. Бир жўнатмани юбориш қиймати икки килограммгача оғирликда 26 еврони ташкил этган.

Юкларни ташкил этишда илгари Германияда «Россия почтаси» нинг шуъба корхонаси бўлган «RusPost GmbH» билан боғлиқ шахслар иштирок этгани айтилмоқда. Журналистлар ҳужжатлар орқали логистика компаниясини бошқараётган шахс компаниянинг собиқ раҳбарларидан бири эканини аниқлаган.

 

Яширин схема тафсилотлари

Суриштирувда алоҳида эътиборни тортган жиҳат — юкларни жўнатишда «Ўзбекистон почтаси»га тегишли ҳужжатлардан фойдаланилгани бўлди. Ҳолбуки, ушбу тузилманинг Германия ҳудудида расмий фаолият юритиш ҳуқуқи йўқ. Германия ҳукумат органлари ушбу ҳолат бўйича қонун бузилиши эҳтимолини текширмоқда.

Логистика компанияси эса «BILD» сўровига жавобан, санкцияларни бузиш деярли имконсиз эканини, аммо «ёлғон декларациялар» хавфидан тўлиқ ҳимоя йўқлигини билдирган.

 

Санкция механизмларидаги бўшлиқ

Суриштирув Европа санкцияларини айланиб ўтиш учун мураккаб ва тизимли инфратузилма шаклланганини кўрсатмоқда. Юкларнинг мунтазам равишда Россияга етиб бориши санкция механизмларида жиддий бўшлиқлар борлигини англатади.

Мутахассислар бундай ҳолатлар Европа Иттифоқи назорат тизимларини кучайтириш заруратини яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

Teglar

Mavzuga oid