
Қамалгани хабар қилинган Абдуллаев нега ишдан олингани Президент селекторида айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи сифатида ишлаган Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаевнинг лавозимидан олинишига нима сабаб бўлганини айтди.

2021 йил апрелдан 2025 йил ноябргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи сифатида ишлаган Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев ва республика профилактика бошлиғи Ҳотам Қодиров нима сабабдан ишдан олингани маълум қилинди. Бу ҳақда бугун, 27 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
«Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм буджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р.Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди», дейилди селекторда.
Мажлисда йирик бозорлар ва гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар идораларининг ҳамкорлиги етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, ўтган йили бозорлар ва паркларда 87 та жиноят содир этилган, шаҳарда жами 774 та ёнғин юз берган.
Бозорларни рақамлаштириш жуда сустлиги, ҳозирча фақат “Чорсу” ва “Фарҳод” бозорларида ситуацион марказ ташкил қилингани қайд этилган. Ички ишлар вазирининг ахборот технологияларига масъул ўринбосари Зуфар Қурбонов тайинлаганига икки йилдан ошгани, лекин тизимни рақамлаштириш бўйича ҳали сезиларли натижа кўринмаётгани танқид қилинди.
Шу ва бошқа тизимли муаммо ҳамда камчиликлар биринчи навбатда раҳбарларнинг айби экани таъкидланган. Шу боис, бунга масъул вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва республика профилактика бошлиғи Ҳотам Қодиров ишдан олингани эслатиб ўтилди.
Мазкур йиғилишда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга ҳайфсан берилганди.





