
Қора денгиз – Кавказ – Марказий Осиё: Туркиянинг янги темирйўл йўлаги
Янги темирйўл лойиҳаси юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириб, Туркиянинг Марказий Осиё билан савдо ва логистика алоқаларини кучайтиради.

Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғлининг айтишича, Самсун–Трабзон–Сарп темирйўл лойиҳаси Қора денгиз соҳилидаги вилоятларни тезкор ва интеграциялашган темирйўл тармоғи билан таъминлайди ҳамда Туркияни Кавказ ва Марказий Осиё билан боғловчи стратегик коридорни шакллантиради.
Унинг таъкидлашича, Қора денгиз соҳил темирйўли Самсундан Сарпгача чўзилиб, Қора денгиз минтақасида жойлашган 5 та вилоят ҳамда Грузия ўртасида темирйўл орқали қатнов имконини яратади.
«Самсун–Трабзон–Сарп темирйўл лойиҳаси орқали Қора денгиз соҳилидаги шаҳарлар ўртасида ҳамда шаҳар ичи транспорт ҳаракатида сезиларли енгиллик яратилади. Лойиҳа Туркияни Кавказ ва Марказий Осиё билан боғлайдиган стратегик темирйўл коридорини ҳосил қилади. У ҳам йўловчи, ҳам юк ташиш соҳасида минтақага катта ҳисса қўшади. Мавжуд автомобил йўлларидаги зичлик ҳам сезиларли даражада камаяди», – деди вазир.
Уралўғли лойиҳага интеграцияланган ҳолда режалаштирилган Эрзинжон–Трабзон темирйўл линияси орқали минтақа шимол–жануб йўналишида мустаҳкам алоқага эга бўлишини қайд этиб, ушбу линия туфайли Қора денгиз темирйўли халқаро темирйўл тармоғига интеграция қилиниши маълум қилди.
Уралўғли Эрзинжон–Трабзон темирйўл лойиҳаси Туркиянинг “Бир камар — бир йўл” ва “Ўрта коридор” деб аталадиган халқаро темирйўл тармоқларига интеграциясида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлаган.
«Бу лойиҳалар орқали мамлакатимизнинг логистика қудратини оширяпмиз, Қора денгизни Кавказ ва Кавказорти билан тўғридан тўғри боғлайдиган янги коридор яратяпмиз», – деди у.
Лойиҳа доирасида кўприклар қурилади
Уралўғли мазкур темирйўл линиялари портлар билан интеграциялашган ва соҳилга йўналтирилган логистика тузилмаси орқали халқаро ташишларда рақобат устунлигини таъминлашини қайд этиб, лойиҳа якунлангач, ҳам минтақага, ҳам мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожига катта ҳисса қўшишини айтди.
Йўловчи ва юк ташиш мақсадида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа шимол–жануб боғланишлари орқали функционал тус олиб, минтақанинг жозибадорлигини янада оширишини таъкидлаган Уралўғли қуйидагиларни билдирди:
«Темирйўл линиямиз 513 километр қилиб режалаштирилган. Лойиҳамиз соатига 250 километр тезликка мўлжалланган. Унда 14 та станция бўлади. Лойиҳа доирасида йилига 12 миллион йўловчи ва 14 миллион тонна юк ташиш кўзда тутилган. Кўплаб тоннеллар ва виадуктлар (чуқур жойлар, водийлар ёки пастликлар устидан қуриладиган узун ва баланд кўприк) қурилади. Ушбу лойиҳа 2026 йил Инвестиция дастурига изланиш-лойиҳа (аван лойиҳа) ишларини бошлаш мақсадида таклиф этилди. Лойиҳамиз орқали Шарқий Қора денгиздаги энг йирик ва жадал ривожланаётган шаҳарлар – Трабзон ва Ризе орқали Грузия чегарасигача темирйўл алоқаси таъминланади”.





