Радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади
Янги қарорга кўра, Ўзбекистонда радиоактив чиқиндиларни ташиш ва сақлаш ягона давлат муассасаси орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда 2026 йил 9 февралда қабул қилинган 47-сонли Ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган. Янги тузилма Ядро физикаси институти ҳузуридаги амалдаги радиоактив чиқиндиларни кўмиш пункти негизида шакллантирилади ва соҳада ягона хизмат кўрсатувчи давлат муассасасига айланади.
Марказ республика ҳудудида ҳосил бўладиган барча радиоактив чиқиндиларни махсус автотранспорт орқали ташиш, қабул қилиш, саралаш ва узоқ муддатли хавфсиз сақлаш жараёнларини марказлаштирилган тартибда амалга оширади. Бу орқали чиқиндилар билан муомала қилиш тизимини тизимлаштириш ва хавфсизлик стандартларини кучайтириш мақсад қилинган.
Қарорга мувофиқ, ишлаб чиқарилган ёки мамлакатга олиб кирилган, ишлаш муддати тугаган ёхуд ишдан чиққан радиоактив манбалар билан ишлаш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш ва сақлаш марказнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. Бу йўналишда технологик ёндашувлар ва замонавий хавфсизлик талаблари жорий этилади.
Шу йилдан бошлаб радиоактив чиқиндилар билан ишлаш соҳасида мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чоралари кўрилади. 2026–2027 йилларда марказ ҳудудида реконструкция ва капитал таъмир ишлари, янги маъмурий бино қурилиши, чиқиндиларни саралаш лабораторияси ташкил этиш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан муомала қилишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш кўзда тутилган. Марказ фаолиятида рақамлаштириш, ахборот технологияларини кенг қўллаш ҳамда тегишли давлат органлари билан самарали маълумот алмашинувини йўлга қўйиш устувор вазифалардан бири бўлади.





