Россия Давлат Думаси интернетга паспорт билан киришни муҳокама қилмоқда
Россияда интернетда анонимликни тўлиқ бекор қилиш ташаббуси кўтарилди. Давлат думасида бу қадам «тоза ва қонуний интернет» яратиш билан изоҳланмоқда.

Россия Давлат думасида интернетдан аноним фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш таклиф этилди. Ахборот сиёсати қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Свинцов интернет ва ижтимоий тармоқларга кириш фақат паспорт орқали амалга оширилиши кераклигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай чора «аноним контент», ботлар, бот фермалари ва нейротармоқлар орқали оммавий ахборот тарқатишга чек қўйишга қаратилган.
Депутат ТАСС агентлигига берган изоҳида ҳар бир пост ва ҳар бир аккаунт ортида аниқ идентификация қилинадиган реал шахс бўлиши шартлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу йўл билан манипуляция, буллинг, фирибгарлик ва интернетдаги жиноятларнинг олди олинади.
Свинцов ушбу ташаббусни амалга ошириш «жуда осон» эканини айтиб, бунда алоҳида «адолатли, тоза ва легал интернет тўғрисида» федерал қонун қабул қилиниши мумкинлигини билдирди.
Ёш ва назорат
Депутат бундай позицияни илгари ҳам билдирган. У Қозоғистонда болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаётганини изоҳлар экан, Россияда ҳам қатъий ёш чекловлари жорий этилиши лозимлигини айтган. Унинг таклифига кўра, 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланиши, 14–16 ёшда эса жиддий чекловлар қўйилиши керак.
Бу чекловлар тиббий мутахассислар ва ота-оналар жамоатчилиги билан биргаликда ишлаб чиқилиши лозимлиги таъкидланган. Свинцов болалар психикаси ва ахборот хавфсизлигини асосий устувор йўналиш сифатида кўрсатди.
Мутахассислар эса бундай чоралар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Назорат кучайиши
Аввалроқ экспертлар Россияда интернетга паспорт орқали кириш тизими жорий этилиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Бу жараёнда фойдаланувчиларни текшириш учун «Госуслуги» (Давлат хизматлари) платформасидан фойдаланиш эҳтимоли айтилган. Расмий изоҳларда бундай чоралар болаларни ҳимоя қилиш ва ботларга қарши кураш билан асосланиши мумкин.
Шу билан бирга, мамлакатда интернет трафиги устидан назорат аллақачон кучайтирилмоқда. Дрон ҳужумлари пайтида мобил интернетнинг ўчирилиши амалиёти кенгайди, «Роскомнадзор» эса трафикни блоклаш ва кузатиш инфратузилмасини ривожлантирмоқда.
2025 йил ноябридан эса ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва бошқа йирик платформалар фойдаланувчилар фаолияти ҳақидаги маълумотларни уч йил сақлаш ва куч ишлатар идоралар талабига кўра тақдим этиш мажбуриятини олган.





