add

Россия Ҳиндистондан яна 40 минг меҳнат мигрантини жалб қилмоқчи

Bugun 08:582532 daqiqa

Россия ҳукумати 2026 йилда Ҳиндистондан камида 40 минг меҳнат мигрантини олиб келишни режалаштириб, кадрлар танқислигини ташқи меҳнат ҳисобидан қопламоқчи.

Россия Ҳиндистондан яна 40 минг меҳнат мигрантини жалб қилмоқчи

2026 йилда Россияга камида 40 минг нафар меҳнат мигранти Ҳиндистондан келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия президентининг барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили Борис Титов маълум қилди, деб ёзмоқда The Moscow Times. Унинг таъкидлашича, аниқ сони ҳозирча номаълум, аммо режаларда айнан Ҳиндистон ишчи кучи муҳим ўрин тутади.

Титовнинг айтишича, ҳиндистонлик мутахассислар Россия иқтисодиётидаги жиддий кадрлар етишмовчилигини бартараф этишда асосий манбалардан бири сифатида қаралмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда Ҳиндистон фуқароларига Россияда ишлаш учун тахминан 8 минг рухсатнома берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14 мингдан ошган, 2024 йилда эса 36 мингтага етган.

2025 йил учун Россия ҳукумати визали давлатлардан келадиган ишчилар учун умумий квотани қарийб 235 минг иш ўрни миқдорида белгилаган. Ушбу квотанинг тахминан 30 фоизи — 71,8 минг ўрин айнан Ҳиндистон фуқаролари учун ажратилган. Бу Россия меҳнат бозорида ҳиндистонлик ишчиларга бўлган эҳтиёж кескин ошганини кўрсатади.

Кадрлар танқислиги муаммоси Россияда сўнгги йилларда янада кучайди. Иқтисодчилар фикрича, бу ҳолат уруш бошланганидан кейин меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришлар билан боғлиқ. Олий иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб Россия компанияларига 2,6 млн нафар ходим етишмаган. Россия меҳнат вазирлиги прогнозида эса 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 3,1 млн нафарга етиши мумкинлиги айтилган.

Росстат маълумотларига кўра, 2025 йил август ойида Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизни ташкил этган ва бу тарихий минимум ҳисобланади. Шу билан бирга, таҳлилчилар меҳнат ресурсларига бўлган талаб ҳали ҳам таклифдан юқори эканини таъкидламоқда.

Муаммони ҳал этиш учун ҳукумат ва бизнес турли чораларни ишлаб чиқмоқда. Жумладан, қўшимча иш соатларини ошириш, вояга етмаганларни ишга жалб этиш қоидаларини юмшатиш ва ишлаётган пенсионерлар учун пенсия индексациясини тиклаш таклиф қилинган. Бироқ асосий эътибор ташқи меҳнат миграциясини кенгайтиришга қаратилмоқда.

Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуров Россия Ҳиндистондан «чекланмаган миқдорда» меҳнат мигрантларини қабул қилишга тайёр эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, фақат қайта ишлаш саноатида камида 800 минг ишчи, савдо соҳасида эса 1,5 млн нафар ходим талаб этилади. Бизнес доиралари эса Непал, Виетнам ва Бангладешдан ҳам ишчилар жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Teglar

Mavzuga oid