add

Россияда уй-жойни нақд пулга харид қилиш тақиқланиши мумкин

Kecha 08:182 daqiqa

Россия Давлат думасида кўчмас мулк битимларини фақат нақдсиз шаклда амалга ошириш таклифи илгари сурилди, қоида шу йилнинг ўзиёдаёқ кучга кириши мумкин.

Россияда уй-жойни нақд пулга харид қилиш тақиқланиши мумкин

Россия Давлат думасида кўчмас мулк билан боғлиқ барча битимларда нақд пулдан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинди. Бу ҳақда молия бозори қўмитаси раиси Анатолий Аксаков маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташаббус жисмоний шахслар ва бизнес субъектларига бирдек татбиқ этилади.

Аксаков таъкидлашича, барча уй-жой битимлари нақдсиз шаклда амалга оширилса, фуқаролар манфаатлари яхшироқ ҳимоя қилинади ва фирибгарлик ҳолатлари кескин камаяди. У бугунги кунда нақд ҳисоб-китоблар орқали кўплаб суиистеъмолликлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Қонун қабул қилинган тақдирда, янги тартиб 2026 йилнинг иккинчи ярмидан амал қила бошлайди. Ҳозирча ҳужжат лойиҳа босқичида бўлиб, муҳокамалар давом этмоқда.

 

Барчасига фирибгарлик сабаб

Депутатнинг айтишича, ташаббусга туртки бўлган асосий омиллардан бири хонанда Лариса Долина квартираси атрофидаги суд иши бўлган. Ушбу ҳолатда янги фирибгарлик схемаси аниқланган: айрим сотувчилар ўзларини алдов қурбони сифатида кўрсатиб, уй-жойни сақлаб қолиш ва харидорга пулни қайтармасликка уринишган.

Бу каби ҳолатлар кўчмас мулк бозорида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатди. Қонун муаллифларига кўра, нақдсиз ҳисоб-китоблар банк назоратини кучайтиради ва шубҳали операцияларни барвақт аниқлаш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳукумат доирасида ҳам нақд пул айланмасини қисқартириш масаласи бир неча ойдан бери муҳокама қилинаётгани қайд этилмоқда.

 

Давлат сиёсати фонида

2025 йил декабрида Россия Молия вазирлиги ҳам йирик кўчмас мулк битимларини нақд пул орқали расмийлаштиришни чеклашни таклиф қилган эди. Ушбу ташаббус иқтисодиётни «оқартириш» сиёсати доирасида илгари сурилган.

Молия вазирлиги таклифига кўра, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги 5 млн рублдан юқори битимлар, шунингдек ойлик айланмаси 50 млн рублдан ошадиган операциялар нақд пулсиз амалга оширилиши керак.

Ҳозирча Россия қонунчилигида нақд ҳисоб-китобларга тўлиқ чеклов йўқ. Бироқ ҳукумат тенгсиз иқтисодиёт улушини камайтириш, ноқонуний даромадларни чеклаш ва молиявий шаффофликни оширишни устувор вазифа сифатида белгилаган.

Teglar

Mavzuga oid