Logo

Рўйхатдан ўтмаган мастер режалар асосида қурилиш тақиқланади

Bugun 15:052 daqiqa

2026-йил 1-ноябрдан Ўзбекистонда ягона электрон реестр ишга тушади ва унда рўйхатдан ўтмаган мастер режалар асосида қурилишга рухсат берилмайди.

Рўйхатдан ўтмаган мастер режалар асосида қурилиш тақиқланади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда урбанизация ва қурилиш соҳасида янги тартиб жорий этилади. Президентнинг «Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2026-йил 1-ноябрдан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси мастер режаларнинг ягона электрон реестрини юритади.

Қарорга кўра, мазкур реестрда рўйхатдан ўтмаган мастер режаларни амалга ошириш, шунингдек, улар асосида шаҳарсозлик, қурилиш, инвестиция ва бошқа фаолиятни олиб бориш тақиқланади. Бу орқали ҳудудларни ривожлантиришга оид барча лойиҳалар ягона назорат тизимига ўтказилади.

Бош режалар назорати кучаяди

Қарорга мувофиқ, аҳоли пунктининг бош режаси тасдиқланганидан кейин уч ой ичида уни амалга ошириш бўйича 3–5 йиллик комплекс дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Дастурда молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари ва аниқ тадбирлар кўрсатилиши шарт.

Комплекс дастур ижроси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашлари мажлисларида мунтазам муҳокама қилинади ҳамда унинг натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Шунингдек, бош режаси мавжуд бўлмаган ёки 10 йилдан ортиқ аввал ишлаб чиқилган аҳоли пунктлари учун янги бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари республика бюджети маблағлари ҳисобидан тайёрланади.

Рақамли назорат тизими

Қарор билан қурилиш жараёнини рақамли кузатиш тизими ҳам жорий этилмоқда. «Uy-joy» ягона рақамли урбанизация платформасида истиқболли қурилиш ҳудуди идентификатори, лойиҳанинг рақамли паспорти ва капитал қурилиш объектининг рақамли паспорти шакллантирилади. Улар «Shaffof qurilish» ахборот тизими билан интеграция қилинади.

2026-йил 1-октябрдан бошлаб ягона идентификация рақами олмасдан қурилишни бошлаш учун рухсатнома бериш тақиқланади. Шу билан бирга, 2027/28-ўқув йилидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш факультети очилади.

Миллий қўмита ҳузурида Урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш креатив парки ташкил этилади ҳамда шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича «UN-Habitat» билан ҳамкорлик кенгайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйга одам кўчирганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid