Самарқанддаги ҳибсхонадан айбланувчининг ўлиги чиқди
Марҳум Каттақўрғон тумангаз таъминоти корхонасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлагани, ҳокимлик залида қўлга олингани айтилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумангаз таъминоти корхонасида фаолият юритган, собиқ бўлим бошлиқларидан бири бўлган 35 ёшли эркак Қ.Х. Каттақўрғон шаҳридаги ҳибсхонадан ўлик ҳолда уйига қайтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам эркакнинг ўлимини тасдиқлади.
Хабарларга кўра, Қ.Х. туман ҳокимининг йиғилишларидан бирида, ҳокимлик залида қўлга олинган, айни пайтда у айбланаётган моддалар бўйича тергов жараёни кетаётган бўлган.
Ғиёсовнинг маълум қилишича, кеча, 21 феврал куни соат 17:35ларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 7-сонли Тергов ҳибсхонада сақланаётган Қ.Х. соғлиги ёмонлашганлиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб бориш вақтида, шу куни соат 18:00ларда вафот этган.
«Бирламчи суд-тиббиёт ташхисга кўра марҳумнинг вафоти «2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари» натижасида юзага келган. Баданида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган», – дейди ИИВ матбуот котиби.
Билдирилишича, 2026 йилнинг 18 феврал куни айбланувчи Қ.Х. касаллиги сабабли Каттақўрғон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилиб, акаси Х.Х.га хабар қилинган ва уларга шифохонада қўшимча равишда учрашув ташкил этилган. Айбланувчи Қ.Х. керакли муолажалардан сўнг 2026 йил 20 феврал куни Каттақўрғон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг хулосасига асосан соғлиғи қониқарли бўлганлиги сабабли ҳибсхонага қайтарилган.
Маълумот учун, Қ.Х. Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган. Ҳозирда ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.





