«SAT»дан 1200 балл олган абитуриентлар имтиҳонсиз талаба бўлади — БМБА
Халқаро тестда юқори натижа қайд этган ёшлар давлат грантига қўшимча равишда бевосита ўқиш имконига эга бўлади.

Жорий йилдан бошлаб «Scholastic Aptitude Test — SAT» халқаро имтиҳонида 1200 ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар имтиҳон топширмасдан олий таълим муассасаларига қабул қилинади. Бу ҳақда 25 феврал куни Билимни ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган анжуманда маълум қилинди.
Қўшимча грант ўринлари ажратилади
Агентлик расмийларига кўра, мазкур тартиб қўшимча давлат гранти асосида амалга оширилади. Яъни юқори натижа қайд этган абитуриентлар кириш синовларисиз тўғридан-тўғри талабаликка қабул қилинади.
Агентлик департамент бошлиғи Жавлонбек Нурматовнинг таъкидлашича, SAT имтиҳонида 75 фоиз натижага тенг бўлган — 1200 ва ундан юқори балл олган ёшлар ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу халқаро сертификат миллий қабул тизимига интеграция қилинган муҳим янгилик ҳисобланади.
Имтиёздан фойдаланиш учун абитуриентлар ўз SAT сертификатини DI кодини агентликка юбориши шарт. Сертификат натижалари расман тасдиқланганидан сўнг қабул жараёни амалга оширилади.
Шу билан бирга, SAT сертификатида кўрсатилган фанлар — математика ва инглиз тили — бакалавриат таълим йўналишлари кириш имтиҳонлари фанлари мажмуаси таркибида мавжуд бўлган барча йўналишларга татбиқ этилади. Бу эса юқори балл олган ёшларга кенг танлов имкониятини яратади.
Янги тартиб халқаро баҳолаш тизимларини рағбатлантириш ва иқтидорли абитуриентларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани таъкидланди.





