Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашиши кутилмоқда
Учрашув Вашингтондаги Доналд Трамп номидаги Тинчлик институтида бўлиб ўтади ва унда 20 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан давлат раҳбарлари иштирок этади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 феврал куни Вашингтондаги Доналд Трамп номидаги Тинчлик институтида бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Учрашувда 20 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Кенгаш ташкил этилиши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан маъқулланган бўлиб, у Трамп маъмуриятининг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни якунлаш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Исроил ва ҲАМАС ўтган йили мазкур режага розилик билдирган, расмий ўт очишни тўхтатиш режими эса октябрда кучга кирган. Бироқ ҳар икки томон бир-бирини бир неча бор сулҳни бузишда айблаб келмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сулҳ бошланганидан бери ҳудудда 590 нафардан ортиқ фаластинлик Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган. Исроил эса шу даврда тўрт нафар аскари ҲАМАС томонидан ўлдирилганини билдирган.
Минтақадаги Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Қатар ва Исроил каби давлатлар, шунингдек, Индонезия сингари ривожланаётган мамлакатлар кенгашга қўшилган бўлса, йирик жаҳон давлатлари ва АҚШнинг анъанавий ғарб иттифоқчилари нисбатан эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда. Кенгашга қўшилганлар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор.
Ўзбекистон кенгаш асосчиларидан бири
22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.
Қозоғистон ҳам Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.





