add

Шерзод Ҳидоятов: «Ўзбекистонда 38 мингта ноқонуний қурилган хонадон бор»

Bugun 13:153802 daqiqa

2018 йилдан буён рухсатсиз қурилган минглаб уй-жойлар сейсмик хавфсизлик ва ҳужжатлаштириш нуқтаи назаридан қайта текширилмоқда.

Шерзод Ҳидоятов: «Ўзбекистонда 38 мингта ноқонуний қурилган хонадон бор»

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилган 38 мингта квартира ноқонунийлиги аниқланди. Бу ҳақда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур уй-жойлар 2018–2019 йиллардан ҳозирги кунга қадар барпо этилган.

Вазирга кўра, объектларни қонунсиз деб топишга бир қатор жиддий камчиликлар сабаб бўлган. Жумладан,

  • Ер учун рухсат олмай ҳоким қарорисиз қурилган уйлар;

  • Архитектура-шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилмаган;

  • Давлат экспертизасидан ўтказилмаган;

  • Қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясида рўйхатдан ўтмаган.

Аниқланган 38 минг квартира бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ушбу гуруҳ жойларга чиққан ҳолда биноларнинг сейсмик барқарорлигини баҳоламоқда ва объектларда техник кўрик ўтказилиб, уни лойиҳа институтлари тажрибали конструкторлар билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Текширувлар якунлангач, ҳужжатлаштириш масалалари ҳал этилади ва қонунбузарликлар учун жарималар қўлланилади.

Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, ноқонуний деб топилган хонадонлар қуриб битказилган уйларда ҳам, ҳали барпо этилаётган биноларда ҳам мавжуд. Ушбу обйектларни қонунийлаштириш ёки улар бўйича қарор қабул қилиш масаласи президент топшириғига асосан махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда. Вазир кўплаб квартиралар аҳолига сотиб юборилганини ҳам қайд этди.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтдаги 59 та ноқонуний қурилиш объектида ишлар тўхтатилганини маълум қилган эди. Энг кўп қонунбузарлик Янгиҳаёт туманида қайд этилган бўлиб, кейинги ўринларда Миробод ва Мирзо Улуғбек туманлари туради.

Teglar

Mavzuga oid