СИ бўйича хавотирлар қайтди: «Nasdaq» индекси 2 фоиз йўқотди
Бозорда сунъий интеллект жорий этилиши оммавий ишдан бўшатишлар ва кўплаб соҳаларда бизнес моделларининг қайта қурилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайди.

12 феврал куни АҚШ акциялари ўтган ҳафтада кузатилган кескин пасайишни қайта бошлади. Ўшанда бозорда «софт-апокалипсис» кайфияти ҳукм сурган эди. «Nasdaq» индекси 2% йўқотди, «Уолл-стрит қўрқув индекси» эса психологик 20 пунктлик чегарадан ошди. Бозорда сунъий интеллект (СИ) жорий этилиши оммавий ишдан бўшатишлар ва кўплаб соҳаларда бизнес моделларининг қайта қурилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар яна кучайди.
Индекслардаги ҳолат
CNBCнинг ёзишича, технологик сектор индекси «Nasdaq Composite» бир кунда 2 фоизга пасайган. «Apple» акциялари 5 фоизга арзонлашган – бу 2025 йил апрелидан бери энг ёмон натижа бўлган.
«Кўк чиплар» индекси «Dow Jones Industrial Average» 1,34 фоизга тушди. 5 февралдан бери илк бор индекс ёпилишда 50 000 пунктдан пастга тушди.
Кенг бозор индекси «S&P 500» 1,57 фоизга камайди.
«MarketWatch маълумотига кўра, учала асосий индекс учун 12 феврал кунги пасайиш 20 январдан бери энг кучлиси бўлди.
Кичик капиталлашувга эга компаниялар индекси «Russell 2000» 2 фоизга тушди.
«Уолл-стрит қўрқув индекси» сифатида танилган VIX 18 фоизга ошиб, 20,82 пунктга етди. 20 пунктдан юқори даража юқори волатилликни англатади.
Кун давомида кумушнинг спот нархи 11,7 фоизга тушиб, 75 доллардан пастга тушди. Олтин нархи 4 фоизга арзонлашиб, бир трой унция учун 5000 доллар даражасидан пастга тушди.
Акцияларга нима таъсир қилди?
«Bloomberg»нинг ёзишича, 12 феврал куни инвесторларнинг технологик компаниялар фойдаси ва табиий ресурслар бозоридаги заифлик бўйича хавотирлари сабабли активларнинг бир қатор синфлари қиймати пасайган.
CNBC ёзишича, жорий йилда айрим бозор сегментлари бизнесни такрорлай оладиган ёки камида рентабелликни пасайтирадиган СИ-инструментлар пайдо бўлганидан сўнг босим остида қолган. 12 феврал куни ишсизлик ўсиши офис майдонларига талабни камайтириши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар фонида тижорий кўчмас мулк компаниялари акциялари жабр кўрди. Хусусан, CBRE акциялари 8,8 фоизга, «Jones Lang LaSalle» – 7,6 фоизга, «Newmark» – 4,5 фоизга қулади.
Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари акциялари ҳам пасайишни давом эттирди. Масалан, «Palantir» акциялари қарийб 5% йўқотди, «Autodesk» эса 12 феврал куни 3,9 фоизга арзонлашиб, йил бошидан буёнги пасайишни 24 фоизга етказди. Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари акцияларини кузатиб борувчи биржа фонди – «iShares Expanded Tech-Software Sector ETF» – 2 фоизга тушди ва ҳозир октябрдаги энг юқори нуқтадан тахминан 31% пастда. Технологик секторга босим «Cisco Systems» акциялари жорий чорак бўйича кўнгилсиз прогноз фонида 12 фоизга қулаганидан кейин янада кучайди.
Транспорт-логистика компаниялари акциялари ҳам 12 феврал куни СИ юк ташиш операцияларини оптималлаштириб, айрим даромад манбаларига зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида кескин пасайди. Масалан, «C.H. Robinson» акциялари 14,5 фоизга қулади.
Инвесторлар бозорнинг бошқа сегментларида ҳимоя излади. «Walmart» акциялари 4 фоизга ўсди, «Coca-Cola» эса 1 фоиздан ортиққа кўтарилди. «S&P 500» таркибидаги биринчи эҳтиёж товарлари ва коммунал хизматлар секторлари тахминан 2 фоиздан қўшимча қилди. Энди трейдерлар бугун, 13 феврал куни эълон қилиниши кутилаётган инфляция бўйича асосий маълумотларга – истеъмол нархлари индекси (CPI) – тайёргарлик кўрмоқда.
«Dow Jones» томонидан сўровдан ўтказилган иқтисодчилар январ ойида CPI умумий кўрсаткич ҳамда базавий ҳисобда (овқат ва энергия каби ўзгарувчан нархлар ҳисобга олинмасдан) 0,3 фоизга ўсишини кутмоқда», – деб хабар берди CNBC.
Таҳлилчилар нима дейди?
«Baird» инвестиция стратегиячиси Росс Мэйфилднинг айтишича, CPI эндиликда бироз камроқ аҳамиятга эга, чунки кучли бандлик маълумотлари Федерал захирага фоиз ставкаларини узоқ муддатга пасайтиришда танаффус қилиш имконини беради.
«Агар CPI юқори чиқса, трендни тушуниш учун яна бир-икки ой маълумот керак бўлади; Федерал захира тизими қатъий қарор қабул қилишга шошилмайди», – дейди Мэйфилд.
Унинг қўшимча қилишича, аксинча, маълумотлар заиф чиқса, бугун, 13 феврал куни рискли активларга қизиқиш қайтиши мумкин, аммо акциялар бозорига сезиларли таъсир қилиш учун кўрсаткич ҳақиқатан ҳам жуда кучли бўлиши лозим.
«СИ – акцияларни параболик ўсиш ва мултипликаторларнинг ҳаддан ташқари (ҳар ҳолда жуда ҳам эмас) даражаларга чиқишига туртки бўлган омил – энди уларни тийиб турган сабабга айланди», – дейди «Freedom Capital Markets» бош бозор стратеги Жей Вудс.
«Сўнгги уч йилнинг катта қисмида инвесторлар СИга «стакан ярим тўла» нуқтаи назаридан қараб келишди. Савол шундай эди: «СИ бизнес ёки соҳада самарадорликни қандай оширади?» Энди эса савол бошқача қўйиляпти: «СИ бизнес ёки соҳанинг фойдалилик моделини қандай вайрон қилиши мумкин?» Натижада, ғолибларни излаш ўрнига инвесторлар эҳтимолий мағлубларни қидира бошлади», – деди «Interactive Brokers»дан Стив Сосник.





