add

Си Жинпинг уч йилда Хитой армиясини амалда «бошсиз» қолдирди

Bugun 22:152 daqiqa

Кенг кўламли тозалашлар Хитой Қуролли кучларининг Тайван йўналишидаги жанговар тайёрлигига жиддий саволлар туғдирмоқда.

Си Жинпинг уч йилда Хитой армиясини амалда «бошсиз» қолдирди

Хитой раҳбари Си Жинпинг сўнгги уч йил ичида мамлакат ҳарбий элитасига нисбатан мисли кўрилмаган тозалаш кампаниясини амалга оширди. Натижада Хитой Коммунистик партиясининг энг олий ҳарбий органи — Марказий ҳарбий кенгаш деярли тўлиқ янгиланди, деб ёзади «The New York Times».

Нашр маълумотларига кўра, олти нафар аъзодан иборат Марказий ҳарбий кенгашда фақат битта юқори лавозимли шахс ўз ўрнида қолган. Шунингдек, турли қўшин турлари, ҳарбий округлар ва стратегик йўналишларга раҳбарлик қилган камида 30 нафар генерал ва адмиралдан фақат етти нафари фаолиятда қолган, қолганлари эса истеъфога чиқарилган ёки жамоатчилик назаридан йўқолган.

Сўнгги ва энг катта зарба 24 январ куни берилди. Ўша куни Сининг яқин ҳамкори ва унинг ўринбосари ҳисобланган генерал-полковник Жанг Юсиа ҳамда Марказий ҳарбий кенгаш Қўшма штаби бошлиғи Лю Жэнлига нисбатан текширув бошлангани эълон қилинди. Расмий сабаб сифатида «жиддий интизомий ва қонуний қоидабузарликлар» кўрсатилган.

 

Оператив бўшлиқ

Айнан Жанг Юсиа ва Лю Жэнли Хитой армиясининг жанговар тайёргарлиги ва йирик ҳарбий операциялар режалаштирилиши учун масъул бўлган асосий фигуралар эди. Уларга нисбатан суриштирувлар бошланиши Хитой Қуролли кучларининг тезкор бошқарув тизимида жиддий бўшлиқ пайдо қилгани қайд этилмоқда.

«The New York Times» нашрининг таъкидлашича, амалиётларни режалаштиришда қуйи бўғин офицерлари ҳам иштирок этса-да, энг юқори даражадаги икки «оператив мия»нинг йўқолиши қисқа муддатда жангавий тайёрликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Жанг Юсиа Си Жинпингга шахсан яқин шахс саналган. Улар ота-боболари орқали Хитой фуқаролик уруши давридан боғланган эди. Шу билан бирга, у амалда уруш тажрибасига эга кам сонли хитой генерали сифатида танилган.

 

Тайван омили

Таҳлилчилар бу тозалашлар Хитойнинг Тайван бўйича ҳарбий режаларига қандай таъсир кўрсатиши масаласини кўтармоқда. Илгари Си Жинпинг армияга 2027 йилга қадар Тайванга нисбатан ҳарбий сценарийларга тайёр туриш топшириғини бергани айтилган эди.

«China Strategies Group» раҳбари Кристофер Жонсон бу жараённи Хитой армияси тарихида «юқори қўмондонликнинг деярли тўлиқ йўқ қилиниши» деб баҳолади. Массачусетс технология институти эксперти Тэйлор Фрейвел эса ҳозирги раҳбарлик бўшлиғи яқин ва ўрта муддатда йирик ҳарбий операциялар ўтказиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Teglar

Mavzuga oid